Жаҳон халқ оғзаки ижодининг энг сара наволари Бойсунда жаранглайди
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Нуфузли фестиваль ўтаётган Бибиширин маҳалласидаги туризм мажмуаси байрамона безатилган. Бойсуннинг баҳорий ва руҳий гўзаллигини жамлаган мажмуага қадимий ўтовлар, воҳанинг моддий ва номоддий маданий меросини акс эттирган кўргазмалар ўзгача файз улашмоқда. Иштирокчи давлатлар байроқлари мажмуа узра майин ҳилпираб, аждодлардан мерос қолган фольклор санъатини, умумбашарий қадриятлару, дўстлик, ҳамжиҳатлик, тинч, тўкин ҳаёт ва садоқат куйларини Бойсуннинг дўмбираю, сибизғасида оҳиста чалаётгандек ҳис-туйғу уйғотади.

Мафтункор баҳор шабадасию, майин ёмғири, турли гиёҳларнинг хушбўй ифоридан сархуш Бойсун беихтиёр дунёнинг турли давлатлари ва мамлакатимиз ҳудудларидан келган меҳмонлар ҳайратини оширади, кўнгилларни яйратади. Қадим-қадимда мустье маданиятига мансуб неандертал одамлар яшаган Бойсунтоғ тизмалари узоқ ўтмишда бу гўшада умргузаронлик қилган инсонлар ақл-заковати билан яратилган номоддий маданий мерос ҳақида қизиқарли ҳикояларни сўзлаётгандек туюлади.
Осмонўпар тоғ қўйнига оқшом чўка бошлади. Мажмуада фестивалнинг очилиш маросимини ҳаяжон билан кутаётган кўп минг сонли халқ оғзаки ижоди мухлисларини бир жойда жамлаган амфитеатр узра нур таратган қуёш оҳиста силжиб, Бойсунтоғ чўққиларига заррин шафақ ёймоқда. Тантанали маросим бошланди. Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов фестиваль иштирокчиларини табриклади. Халқаро фестиваль очиқ, деб эълон қилинди. Ўзбекистон Республикаси мадҳияси янгради.

Маросимда қайд этилдики, “Бойсун баҳори” фестивалининг бугунги даражага етиши, унинг халқаро миқёсда кенг нишонланаётгани, энг аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг маданият, санъат ва миллий меросни асраб-авайлаб, ривожлантиришга қаратаётган юксак эътибор самараси, фестиваль эса асрлар давомида шаклланган маданий муҳит ва халқимиз руҳий бойлигининг амалдаги ифодасидир. Ана шу ноёб маданий муҳит 2001 йил ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси дурдонаси сифатида эътироф этилиб, 2002 йил фестивалга асос солинган. Бундай эътирофлар халқимизнинг қадимдан шаклланган миллий маданиятига берилган юксак баҳодир. Бойсуннинг ноёб қирраларини очадиган яна бир жиҳат унинг табиати ортида яширинган буюк тарихи, ўлмас анъаналаридир. Жумладан, бу заминдаги Тешиктош ғори инсоният цивилизациясининг илк босқичларидан дарак берувчи нодир маконлардан бири саналади.
Айни пайтда туманда 50 дан ортиқ ёдгорлик рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг аксариятида олиб борилаётган археологик тадқиқотлар Бойсуннинг аҳамиятини янада чуқур очиб бермоқда. Масалан, Бохтар ва Сўғд чегара девори – Узундара, Қўрғонзол қалъалари, Дарбанд девори ҳам қадимий гўшада жойлашган.

Узундара қалъаси мамлакатимиздагина эмас, бутун Марказий Осиё тарихида алоҳида ўрин тутадиган ноёб ёдгорлик бўлиб, тарихи милоддан аввалги даврларга бориб тақалади. Эллин цивилизациясининг шу ерларга етиб келганидан дарак беради. Буюк Ипак йўлининг муҳим тармоқларидан бири Бойсун орқали ўтгани ҳам қадимий гўшанинг миллий ва жаҳон тамаддуни тарихида муҳим манзил бўлганини англатади. Тешиктош ғори инсоният маданиятининг ўтмишдаги қадимги ўчоғи, минг йиллар аввал яратилган “Алпомиш” достони халқ оғзаки ижодининг ноёб дурдонаси сифатида ардоқланади. Шу боис бўлса керак олимлар Бойсунга очиқ осмон остидаги тирик тарих, дея таъриф беради.
– “Бойсун баҳори” шунчаки халқаро байрам эмас, – дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи Дилмурод Ҳафизов. – Бу фестиваль бахшилар достон айтадиган, халқ лапарлари, куйлари янграб, миллий ўйинлар жонланадиган, миллатлар дўстлашиб, умумбашарий қадриятлар бўй кўрсатадиган шодиёна, қадимий воҳанинг ноёб туристик объектларини томоша қилиб, завқ олиш учун қулай имкониятдир. Мажмуада вилоят туманлари ва Термиз шаҳрининг ўтмишдаги ҳаёти, ҳозирги озод ва обод турмуши ифодаланган этнографик шаҳарчалар ҳам меҳмонларнинг қадимий воҳа ҳақидаги тасаввурларини бойитади.

Қадимги лапар ва наволарини куйлаш учун келган хорижлик санъаткорларга илҳом бағишлайди. Аждодларимиз қалб қўрида асраб, ривожлантириб келган нафис фольклор санъатимиз ва этномаданиятимизга ҳавас уйғотади.
Миллий ва умумбашарий ўзликни тараннум этиб, сайёрамиз халқларини қадим қадриятларни улуғлашдек ягона эзгу мақсад йўлида бирлаштирадиган фестивалда Бельгия, Греция, Венгрия, Япония, Озарбайжон, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби 30 дан ортиқ мамлакатдан фахрий меҳмонлар, элчилар, хорижий ваколатхоналар вакиллари иштирок этмоқда. Фестивалнинг халқаро кўрик-танловида ўз истеъдодини намойиш этиш учун турли давлатлардан келган фольклор, миллий халқ ўйинлари, томоша санъати ижрочилари қатнашмоқда.
– Фестивалга биринчи марта келишимиз, – дейди Покистоннинг “Шаме-Мастана Базм Бойс” ансамбли директори Сафей Деман. – Сурхондарё, шу жумладан, қадимий Бойсун бизга жуда манзур бўлди. Тоғлар қўйнидаги гўшанинг гўзал ва мафтункорлиги қишлоғимни эслатди. Фестиваль доирасида бўлиб ўтадиган халқаро танловда юртимизнинг энг қадимий мусиқаларини ижро этиб, фольклор шинавандаларига қувонч улашиш учун келганмиз. Ўйлаймизки, нафис жаранглайдиган навомиз барчага манзур бўлади.
Фестивалнинг халқаро кўрик-танловида 16 та маҳаллий ва 18 та хорижлик жамоа ҳамда яккахон хонанда ўз санъатини намойиш этади. Улар сафида Буюк Британия, Озарбайжон, Япония, Славакия, Греция, Қозоғистон каби мамлакатларнинг фольклор санъати усталари бор. Қатнашчилар ижро этган куй-қўшиқларни халқаро ҳакамлар ҳайъати фестиваль низоми мезонлари асосида баҳолаб боради.
Халқаро кўрик-танлов ғолиб ва совриндорлари махсус диплом, статуэтка, эсдалик совғалари, пул мукофотлари билан тақдирланади.
Тантанали тадбирда катта концерт дастури намойиш этилди. Маросим Бойсун осмонида дрон-шоу, лазер-шоу ва ранг-баранг товланувчи мушакбозлик билан якунланди.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов ЎзА мухбирлари