Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида Сирдарё вилоятида кенг қамровли текширув тадбирлари олиб борилмоқда. Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг шаҳар ва туман бўлимлари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда озиқ-овқат дўконларида маҳсулотларнинг сифати ва яроқлилик муддати юзасидан ўрганишлар ўтказди.
Текширувлар давомида умумий оғирлиги 208 килограммни ташкил этувчи истеъмол учун яроқсиз маҳсулотлар аниқланди. Жумладан, 3 хил турдаги 5 кг ширинлик, 6 хил турдаги 17 кг қандолат маҳсулоти, 5 хил турдаги 76 кг консерва, 78 дона тухум, шунингдек, гўшт ва сут маҳсулотлари, сабзавот ҳамда мева каби товарлар сифатсизлиги туфайли савдодан олиб ташланди.
[gallery-23137]
Аниқланган ҳар бир ҳолат юзасидан тегишли далолатномалар расмийлаштирилиб, сифатсиз маҳсулотлар гувоҳлар иштирокида белгиланган тартибда йўқ қилинди.
Шу билан бирга, тадбир давомида сотувчиларга санитария қоидаларига амал қилиш, сифати кафолатланган ва яроқли маҳсулотларни сотиш юзасидан тавсия ва кўрсатмалар берилди. Шунингдек, харидорлар ўртасида сифатсиз, яроқсиз ёки сақлаш қоидалари бузилган маҳсулотларни истеъмол қилишнинг саломатликка зарари ҳақида тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам олиб борилди.
Бу каби назорат тадбирлари аҳолини сифати шубҳали озиқ-овқатлардан ҳимоя қилиш, касалликларнинг олдини олиш ва санитария тартибини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири