Сифатсиз маҳсулотлар йўқ қилинди
Сурхондарё вилоятининг Узун тумани ҳудудидаги махсус полигонда Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси, Бюронинг Узун туман бўлими, ҳамкор ташкилотлар ва холислар иштирокида юртимиз ҳудудига айланма йўллар билан ноқонуний кириб келган, сифати кафолатланмаган товар-моддий бойликлари зарарсизлантирилди.
– Мазкур тадбирда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан ноқонуний, деб топилган қиймати 30 миллион сўмлик турли полиз экинлари уруғи, 120 дона алькогол ҳамда тамаки маҳсулотлари тегишли тартибда йўқ қилинди, – дейди МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси инспектори Рустам Умаров.
– Жумладан, юртимиз ҳудудига ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб кирилган ва белгиланган тартибга кўра акциз маркаланмаган Хитой давлатида ишлаб чиқарилган 25 миллион 236 минг сўмлик 1 минг 700 қути тамаки маҳсулоти ёқиб юборилди. Бу билан сифатсиз ва инсон саломатлиги учун зарарли бўлган товар- моддий бойликлар орқали кўпроқ фойда олишни истаган айрим қўштирноқ ичидаги тадбиркорларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйилди.


Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири.