Швейцариянинг ЕХҲТга раислиги: ишонч, мулоқот ва ҳамкорлик
2026 йилда Шимолий Америка, Европа ва Марказий Осиёдан 57 та иштирокчи давлатни бирлаштирган дунёдаги энг йирик минтақавий хавфсизлик тузилмаси бўлган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига (ЕХҲТ) Швейцария раислик қилади.
Швейцариянинг мамлакатимиздаги элчихонаси ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори хавфсизлик, изчил ривожланиш, самарали бошқарув ҳамда барқарорликни таъминлашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаб келмоқда.
– Швейцариянинг 2026 йилда ЕХҲТга раислик қилиши мулоқот, ишонч ва амалий ҳамкорлик тамойилларига содиқлигимиздан далолат беради, – деди Швейцариянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Константин Оболенский. – Бугунги мураккаб халқаро шароитда ўзаро мулоқот ўрнатиш ва хавфсизлик масалаларини биргаликда ҳал этишда ЕХҲТ иштирокчи давлатлар учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда. Биз ушбу йўналишдаги ишларни Ўзбекистон ҳамда ЕХҲТ фаолият юритадиган бошқа барча ҳудудлардаги ҳамкорларимиз билан давом эттиришдан фахрланамиз.
Швейцария раислиги ЕХҲТнинг мулоқот ва амалий ҳамкорлик майдони сифатидаги ўрнини кучайтириш, мамлакатнинг бетарафлик, воситачилик ва дипломатик алоқалар борасидаги анъаналарига таянган ҳолда хавфсизлик тамойилларини мустаҳкамлаш ҳамда замонавий таҳдидларга ҳар томонлама самарали чоралар кўришга қаратилган.
Ташкилотнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган 2026-2027 йилларга мўлжалланган қўшма йўл харитаси асосида фаолият юритади.
– Ўзбекистон ислоҳотлар ва минтақавий ҳамкорликка қатъий содиқлигини намойиш этди. ЕХҲТ давлат институтларини мустаҳкамлаш, мулоқотни кенгайтириш ва фуқароларга аниқ фойда келтирадиган амалий шериклик орқали ушбу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашни ўз олдига мақсад қилган. Швейцария раислиги умумий кун тартибини фаолроқ илгари суриш учун муҳим имконият яратади, – деди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Антти Карттунен.
Швейцария раислиги даврида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарорликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини таъминлашга кўмаклашиш ҳамда кўп томонлама самарали ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу жараёнда Марказий Осиё минтақаси билан ҳам самарали ҳамкорлик қилинади.
ЎзА