Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Швеция Қироллиги ташқи ишлар вазири Анн Линде билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги алоқаларнинг долзарб масалалари, шунингдек, Ўзбекистон – Швеция муносабатларининг жорий ҳолати ва ривожланиш истиқболи муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Линде хонимга мамлакатимизда ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, давлатимиз ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Ўзбекистон ЕХҲТни кенг кўламли масалалар бўйича сиёсий мулоқот учун ноёб халқаро платформа, деб билиши ҳамда Швециянинг мазкур ташкилотга раислиги даврида хавфсизликнинг ҳар учала ўлчовидаги устувор йўналишларни қўллаб-қувватлаётгани таъкидланди.
[gallery-2013]
Суҳбат чоғида Афғонистон йўналишида ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича фикр алмашилди.
Ўзбекистон ва Швеция ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия тузиш зарурлиги қайд этилди.
Томонлар парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, парламент делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш ва қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашишдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.
Музокара давомида минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик айрим бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА