Швейцария Пхеньян ва Сеулни яраштирмоқчи(ми)?
Корея ярим оролида ҳарбий кескинлик кучайган бир пайтда Швейцария Пхеньяндаги дипломатик ваколатхонаси фаолиятини қайта йўлга қўйди. Мамлакат ташқи ишлар вазири Иньяцио Кассис 2003 йилдан сўнг Шимолий Кореяга ташриф буюрган илк швейцариялик ташқи сиёсат раҳбари бўлди. У 29-30 октябрь кунлари Пхеньянда бўлиб, КХДР ташқи ишлар вазири Чхве Сон Хи билан сиёсий мулоқотни тиклаш ва минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилган.
Швейцария ваколатхонаси жорий йил 19 октябрь куни қайта иш бошлаган. Унинг фаолияти Пекиндаги Швейцария элчихонаси орқали мувофиқлаштирилади. Берн ушбу қадам орқали Шимолий Корея билан тўғридан-тўғри алоқаларни сақлаш ва ярим оролдаги вазиятни кузатиш имкониятини кенгайтиришни кўзламоқда. Кассис музокараларда кескинликни пасайтириш учун Швейцария воситачилик қилишга тайёрлигини билдирган.
Ташриф доирасида вазир Сеулда ҳам учрашувлар ўтказиб, Пхеньяндаги музокаралар ҳақида Жанубий Корея вакилларига маълумот берди. Сеул Швейцария ваколатхонаси икки Корея ўртасидаги мулоқотни тиклашга кўмаклашишига умид билдирган.
Мусулмон Зиё, ЎзА