Пекин ва Пхеньяндан дунёга янги чақириқ
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ва Хитой раиси Си Цзиньпин Пхеньянда бўлиб ўтган саммитда икки давлат муносабатини янги босқичга олиб чиқишга келишиб олди. Давлат ахборот агентлиги KCNA тарқатган маълумотга кўра, томонлар сиёсат, иқтисодиёт, маданият ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш ниятини билдирган.
Си Цзиньпиннинг Пхеньянга сафари ХХР етакчисининг сўнгги етти йил ичидаги илк давлат ташрифидир. Учрашувда икки мамлакат раҳбарлари юқори даражадаги мулоқотни янада фаоллаштириш, стратегик мувофиқлашувни кучайтириш ва анъанавий иттифоқчилик муносабатини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда ЎзА ҳамкори “Yonhap” агентлиги хабар берди.
Ким Чен Ин Хитой билан муносабатни чуқурлаштиришни мамлакат ташқи сиёсатининг устувор вазифаси экани, Пхеньян ва Пекин алоқалари ижтимоий давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик намунаси бўлиб қолишини таъкидлади. Си Цзиньпин эса ўз навбатида ҳар қандай халқаро вазиятда ҳам умумий манфаатни ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирди.
Кузатувчилар фикрича, мазкур саммит сўнгги йилларда Пхеньян ва Москва яқинлашуви ортидан Хитойнинг минтақадаги таъсирини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади. Қолаверса, учрашув икки давлат ўртасидаги Дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам шартномасининг 65 йиллиги арафасида бўлиб ўтди.

Эътиборли жиҳати шундаки, расмий хабарларда ядровий дастур ёки Корея ярим оролидаги хавфсизлик масаласи деярли тилга олинмади. Аксинча, стратегик шериклик ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга урғу берилди.
Айни пайт Жанубий Корея ва АҚШ Шимолий Кореянинг ядровий таҳдидига қарши ҳамкорликни кучайтириш ҳаракатини жадаллаштирган. Шу ҳафта икки давлат Сеулда Ядровий маслаҳат гуруҳи навбатдаги йиғилишини ўтказиб, кенгайтирилган тийиб туриш механизмини муҳокама қилишни режалаштирган.
Мусулмон Зиё, ЎзА