Швейцария мудофаа харажатини 1 миллиард долларга етказмоқчи
Швейцария ҳукумати парламентга ҳаводан келадиган таҳдидга қарши мудофаани кучайтириш учун 2026 йил бюджетига қўшимча 970 миллион франк ажратиш таклифини киритмоқда. Қарийб 1 миллиард долларга тенг бу лойиҳани ҳукумат қурол-яроқ бозорида талаб кескин ошгани ва буюртмани етказиб бериш муддати чўзилаётгани билан изоҳлаган.
Берн айниқса узоқ масофали зарба ва гибрид ҳужумни мамлакат учун эҳтимолий жиддий хавф сифатида кўряпти. Ҳукумат фикрича, ҳозирги имконият бундай таҳдиддан ҳимояланиш учун етарли эмас. Қўшимча маблағ қисқа ва ўрта масофали ҳаво мудофааси тизими, радар ҳамда кичик дронга қарши воситалар учун тўлов амалга оширишга йўналтирилади.
Шунингдек, Швейцария 60 дан ортиқ ҳарбий объект хавфсизлигини кучайтириш учун кейинги йиллари яна 100 миллион франк сарфламоқчи. Мамлакат АҚШдан F-35A қирувчи самолёти олиши кутиляпти. Фақат якуний нарх бўйича Берн ва Вашингтон ўртасида келишмовчилик юзага келган. “Patriot” тизими етказиб берилиши ҳам кечикяпти.
Қўшимча харажатни парламент ҳали тасдиқлаши лозим. Ҳукумат армия эҳтиёжини молиялаштириш учун 2040 йилгача қўшилган қиймат солиғини ошириш масаласини ҳам парламентга киритмоқчи. Расмий ҳисоб-китобга кўра, мавжуд таҳдидга тайёр туриш учун Швейцарияга яқин йилларда қурол-яроқ учун яна 24 миллиард франк сармоя зарур.
Мусулмон Зиё, ЎзА