ГФР мудофаа вазири 140 миллиард евролик ҳарбий бюджетни ҳимоя қилди
Германия мудофаа вазири Борис Писториус парламентда сўзга чиқиб, 2027 йил учун ажратилиши режалаштирилган 140 миллиард евро қийматга эга рекорд даражадаги мудофаа бюджетини ҳимоя қилди. Мазкур қарор "халқаро майдондаги ноаниқлик ва Россиядан хавф-хатар кучайиб бораётган бир шароитда мамлакат хавфсизлиги кафолати” экани таъкидланган.
Бюджет муҳокамаси чоғи мулозим ушбу маблағни мактаб, шифохона ва инфратузилмага йўналтириш лозимлигини таъкидлаган мухолифат танқидини инкор этди. Унинг фикрича, кучли, жанговар Қуролли кучлар ҳамда жипслашган НАТОсиз, эришилган барча ютуқлар ва мавжуд турмуш тарзини ҳимоя қилиб бўлмайди.
Шунингдек, Писториус Россия ўз мудофаа тизимини молиявий ва моддий жиҳатдан шиддат билан қайта қуроллантираётганига эътибор қаратди. Таъкидланишича, Москва бюджетининг қарийб ярмини ҳарбий мақсадга сарфлаяпти. Бу миқдорнинг салмоқли қисми нафақат Украинадаги жанг, балки келгуси эҳтимолий можаролар учун яратиладиган қурол-аслаҳа захирасини тўлдиришга ҳам йўналтирилмоқда.
Мудофаа тизими раҳбари Германия тўғридан-тўғри Москванинг нишонида турганини қайд этган. Россия томони жосуслик қилиш, жамиятга таъсир ўтказиш, қўрқитиш ҳамда аҳоли орасида ноаниқлик ва беқарорлик уруғини сочишга уринмоқда. Айниқса кейинги пайт бундай ҳаракат мутлақ янги босқичга кўтарилган.
Мерц ҳукумати тақдим этган 2027 йилги режага кўра, мудофаа харажати давлат бюджетидаги иккинчи энг йирик соҳага айланди. Вазирликнинг асосий бюджети жорий йилдагига нисбатан 32,7 фоиз ошиб, 109,75 миллиард еврога етди. Бу етакчи соҳалар ичида энг юқори ўсиш кўрсаткичидир. ГФР Қуролли кучлари махсус жамғармаси маблағи ҳам қўшилганда тузилма умумий бюджети 140 миллиард еврога яқинлашади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА