Шуҳрат Суюнов: Икки халқ дўстлиги учун эзгу ишларни давом эттирамиз
Марказий Осиё минтақаси ҳозирги кунда тинч, осойишта ва барқарор ривожланаётган маконга айланди. Бу жараёнда Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсати ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақада барча томонлар манфаатларини тенг ҳисобга олган, ишонч ва дўстликни мустаҳкамлашга қаратилган эзгу ташаббуслари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу каби ташаббуслар ижросини таъминлашда “Ўзбекистон – Тожикистон” дўстлик жамияти ҳам ўз ҳиссасини қўшишга интилмоқда.

“Ўзбекистон – Тожикистон” дўстлик жамияти ижрочи директори Шуҳрат Суюнов мазкур ташкилот фаолияти ва унинг асосий мақсади ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди:
– Бугун Марказий Осиё тинч, осойишта, барқарор ривожланаётган маконга айланди. Бунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида ҳиссаси бор. Давлатимиз раҳбарининг минтақада барча томонлар манфаатларини тенг ҳисобга олган ҳолда, ўзаро ишонч, ҳурмат, яхши қўшничилик, дўстликни мустаҳкамлаш бўйича эзгу ташаббуслари амалий натижаларини бермоқда.
Ўзбекистон билан Тожикистонни умумий тарих, узвий маънавий қадриятлар боғлаб туради. Икки халқ азалдан бир дарёдан сув ичган, қариндошлик ришталари билан боғланган. Бизни икки тилда гаплашувчи бир халқ дейишади. Икки давлат Президентлари ўртасидаги яқин ва ишончли алоқалар, тўғридан-тўғри ҳамда мунтазам мулоқотлар туфайли кўп қиррали мамлакатларимиз муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Мана шу жараёнда “Ўзбекистон – Тожикистон” дўстлик жамияти биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, маданий-маърифий, таълим-фан соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантириш йўлида хизмат қилиб келмоқда. Бугунги кунда “Тожикистон-Ўзбекистон” дўстлик жамияти, Суғд вилояти Ўзбеклар маънавият ва маърифат маркази ва Тожикистондаги бошқа ННТ билан яқин ҳамкорлик қилиб келади.
Қадимий ва маданий марказлардан бири бўлган Хўжанд шаҳрида ўтган йилнинг баҳорида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғиз Республикаси дўстлигининг тимсоли бўлган “Дўстлик” стеласи тантанали равишда очилди. Маросимда учта давлат раҳбарлари қатнашди. Ушбу ёдгорлик қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганининг рамзи бўлди. Душанбе ва Тошкентда замонавий ўзбек ва тожик адабиётининг танланган асарлари – антологияларини нашр қилишни таклиф этган эди. 2021 йилда “Ўзбекистон-Тожикистон” дўстлик жамияти ҳамда Суғд вилояти ўзбеклар маънавият ва маърифат маркази жамоатчилик ташкилоти билан ҳамкорликда “Тожикистон ўзбек адабиёти антологияси” китоби нашр қилинди.
Китобдан ўзбекистонлик ва тожикистонлик адибларнинг танланган асарлари жой олган. У Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги фонднинг молиявий гранти асосида чоп этилди.
Айни кунларда режаларимиз янада улкан. Ҳозирда тожикистонлик ижодкор ватандошларимизнинг навбатдаги тўпламини нашрга тайёрлаш ишларини бошлаш арафасида турибмиз. Жамиятимиз икки халқнинг бир-бирига бўлган дўстлигини мустаҳкамлаш йўлидаги эзгу ишларини давом эттиради.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.