Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев кеча, 1 февраль куни Андижон шаҳрида ўтказилган йиғилишда маълум қилди.
"Афсуски ўз вақтида Сўхдаги ерости газ сақлаш иншооти айрим сабаблар билан ёпиб қўйилган эди. Қирғизистондаги давлат ташрифи чоғида Садир Жапаров билан бу масалада ҳам келишиб олдик. Яқинда энергетика вазиримиз Қирғизистонга бориб, техник томонларини келишиб келади" – деди Президент.
Шунингдек, ЎзА мухбири мазкур масала юзасидан энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовдан интервью олди.
–Шимолий Сўх ерости газ сақлаш иншоотининг ҳажми тахминан 2,5-3 миллиард куб метр атрофида. Шундан 1,3 миллиард куб метр газдан фойдаланиш мумкин, қолгани буфер зонада туради. Бу дегани қиш мавсумида водийни ҳар куни 13 миллион куб метр газ билан таъминлаш имкониятимиз бўлади.
Мазкур иншоотнинг асосий газ сақлаш қисми Қирғизистон ҳудудида жойлашган, компрессорлар эса Ўзбекистон ҳудудида. Шу сабабли иншоотдан умумий фойдаланиш борасида музокаралар олиб борилади. Энг аввало ишчи гуруҳ барча техник ва иқтисодий томонларини батафсил ўрганиб чиқади. Чунки иншоотдан анча йиллардан буён фойдаланилмаган, ҳозирги ҳолатини яхшилаб ўрганиб чиқишимиз керак. Шундан сўнг шартлар келишиб олинади. Балки бу ижара ҳуқуқи асосида бўлар, лекин ҳозирча бирор фикр айтишга эрта, – деди энергетика вазири.
ЎзА