Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этган барча давлат раҳбарлари Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин томонидан илгари сурилган Глобал бошқарув ташаббусини қўллаб-қувватладилар, деди Чин мамлакати ташқи ишлар вазири Ван И.
- Мазкур ташаббус саммитнинг энг муҳим воқеаси бўлди, - деди мулозим матбуот анжуманида. - Учрашувда иштирок этган барча етакчилар томонидан олқишланган бу қарорга халқаро ҳамжамият ҳам жиддий муносабат билдирмоқда.
ШҲТ+ форматидаги кенгайтирилган йиғилишда Си Цзиньпин халқаро ҳуқуқ меъёрига риоя қилиш, кўп томонлама тамойилни қўллаб-қувватлаш, икки ёқлама стандартдан воз кечишни назарда тутувчи глобал бошқарувда ҳудуди ва қудратидан қатъи назар, барча мамлакатлар тенг иштирок этишини таъминлайдиган, беш банддан иборат лойиҳани илгари сурди.
Маълумки, 31 август-1 сентябрь кунлари Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган, ШҲТ тарихидаги энг йирик тадбир сифатида баҳоланаётган навбатдаги саммитда 20 дан зиёд хорижий давлат раҳбарлари, жумладан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди. Давлатимиз раҳбари анжуманда, анъанага мувофиқ, глобал миқёсда муҳим қатор ташаббусларни илгари сурди, дунё етакчилари билан учрашувлар ўтказди.
2001 йил ташкил этилган ушбу халқаро ташкилотга Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Покистон, Ўзбекистон ва Беларусь киради. Афғонистон ва Мўғулистон кузатувчи, Мулоқот бўйича ҳамкор давлатлар: Озарбайжон, Арманистон, Баҳрайн, Миср, Камбожа, Қатар, Қувайт, Мальдив ороллари, Мяньма, Непал, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Туркия ва Шри-Ланка эса мулоқот бўйича ҳамкор давлатлар ҳисобланади.
С.Раҳимов, ЎзА