Шерободда 55 оила байрамни янги уйда нишонлайди
Сурхондарё вилоятида мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан янги иншоотларни фойдаланишга топшириш маросимлари давом этмоқда.
Вилоятнинг Шеробод туманида қад ростлаган 55 оилага мўлжалланган кўп қаватли муҳташам уй ҳам байрам арафасида хонадон соҳибларига топширилди.
Туманнинг Дўстлик маҳалласида қад ростлаган турар-жой биносини “Сафар Жўра Баҳром” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари сифатли, тез бунёд этди. Барча замонавий шароитларга эга уйни қуриб, фойдаланишга топшириш учун 16 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Янги уй фойдаланишга топширилгач, тадбир қатнашчилари хонадонларда яратилган қулайликлар билан танишди. Нуронийлар осуда, озод ва обод юртимизда аҳоли фаровонлигини таъминлаб, турмуш даражасини юксалтираётган мустақилликнинг абадий бўлишини тилаб, дуога қўл очди.
Шу куни туман марказидаги Мустақиллик кўчасининг тубдан реконструкция қилинган олти километр қисми ва янгидан қурилган кенг, мустаҳкам кўприк ҳам фойдаланишга топширилди.

Кўп йиллардан буён аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб келаётган ўнқир-чўнқир йўлнинг янги қиёфада бўй кўрсатгани аҳолини ўйлантириб келган муҳим муаммолардан бирига чек қўйди.

Кўп қаватли уй ва тубдан реконструкция қилинган йўлни фойдаланишга топшириш маросимларида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири