Муносабат
Инсон қадри деганда, аввало, ҳар бир инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, хусусан, шахсий ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати, обрўси, ишчанлик даражаси, жамиятда тутган мавқеи тушунилади. “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасида айнан шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар инсон қадри тамойилларига ҳамоҳанг равишда кенгаймоқда.
Масалан, Конституциянинг ҳаммамизга маълум бўлган амалдаги 27-моддасида: “Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас”, деб белгиланган.
Конституциявий қонун лойиҳасида шу модда инсон ҳуқуқларини янада кенгроқ даражада ҳимоялайдиган нормалар билан бойитилиб қуйидагича берилмоқда:
“27-модда. Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсиз бўлиши, шахсий ва оилавий сири, ўз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар бир шахс ёзишмаларни, телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали сўзлашувларни, почта-телеграф жўнатмаларини ҳамда бошқа хабарларни амалга ошириш эркинлиги ва уларнинг сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда, суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Суднинг қарорисиз уй-жойдан маҳрум этилишга йўл қўйилмайди.
Ҳеч ким шахснинг уй-жойига ёки бошқа мол-мулкига қонунда назарда тутилганидан бошқача ҳолда ва тартибда киришга, тинтув ўтказишни ёки кўздан кечиришни амалга оширишга ҳақли эмас”.
Лойиҳада таклиф қилинаётган норма тўғридан-тўғри инсоннинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини, яъни ҳар бир жисмоний шахснинг ўзи ҳақидаги ахборотни, шахсига доир маълумотларни, шахсига, аҳли оиласига оид хабарларни унинг розилигисиз ошкор бўлишига тўсқинлик қилиш учун давлат томонидан кафолатланган имкониятлардир.
Умумэътироф этилган меъёрларга кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни унинг розилигисиз ноқонуний йиғиш ёки ҳаммага ошкор қилиш, ёхуд бу хабарларни жамоат олдида сўзга чиқишда, оммавий намойиш қилинувчи асарда ёки оммавий ахборот воситаларида тарқатиш, ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.
Бугунги глобаллашув жараёнларида шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш ҳолатлари кузатилмоқда. Айрим оммавий ахборот воситалари ёки баъзи бир блогерлар шахснинг обрўси, шаъни ва қадр-қимматини туширадиган ахборот тарқатганлиги учун суд олдида жавобгар бўлаётгани ҳам статистик маълумотларда кўриниб қолмоқда.
Яқинда оммавий ахборот воситаларидан бирида айнан шахсий ҳаёт дахлсизлигининг бузилишига оид бир жиддий хабар эълон қилиниб, кўпчиликни ҳайратлантирди. Мазкур хабарда келтирилишича, Андижон вилояти ИИБ масъул ходими ИИБ базасида мавжуд бўлган 40 мингга яқин фуқаронинг шахсий маълумотларини пуллаб, умумий қиймати 6,4 миллиард сўмлик 3618 дона телефоннинг IMEI кодини учинчи шахсларнинг паспортларига расмийлаштиришга ёрдам берган. Ноқонуний олиб кириш натижасида 1 миллиард 630 миллион сўмлик божхона тўловлари тўланмаган.
Бундай инкор этиб бўлмас мисоллар Конституциямизга киритилаётган янги меъёрларнинг ўта долзарблигидан ва ҳаётий заруратлигидан далолат беради.
Хуллас, ҳар бир инсон ҳаёти учун муҳим бўлган шахсий ҳаёт дахлсизлиги мақоми эндиликда конституциявий нормага кўтарилмоқда. Умумэътироф этилган қоидаларга мос бу норманинг киритилиши инсоннинг кўзга кўринмас энг нозик ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилишга асос бўлади. Зеро, мамлакатимизда инсон қадри баланд, ҳуқуқ ва эркинликлари муқаддасдир!
Абдукамол РАҲМОНОВ,
“Адолат” СДП сиёсий кенгаши
раиси ўринбосари.
ЎзА