Ижтимоий суғурта тизими ва унга киритилган янгиликлар тушунтирилди
Гулистон шаҳрида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси томонидан янги давлат ижтимоий суғурта тизими мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ташкил этилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва давлат ижтимоий суғуртаси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлашга қаратилди.
Семинарда вилоят бошқармаси ходимлари, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари мутахассислари ҳамда маҳаллаларда фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар иштирок этди.
Тадбир давомида янги тизимнинг асосий жиҳатлари ва ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ўрни атрофлича тушунтирилди. Таъкидланишича, эндиликда нафақаларни тўлаш мажбурияти иш берувчилар зиммасидан олиниб, давлатнинг махсус ижтимоий суғурта жамғармасига ўтказилди. Бу эса тўловларнинг кафолатланган ва барқарор механизм асосида амалга оширилишини таъминлайди.
Янги тартибга кўра, расмий ишловчилар учун мажбурий ижтимоий суғурта жорий этилган. Шу билан бирга, якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилганлар ҳамда норасмий сектор вакиллари ихтиёрий равишда суғурта бадалларини тўлаш имкониятига эга бўлди.

Маълум қилинишича, 2026 йил 1 январдан ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси орқали тўланади. Жорий йил 1 июлдан бошлаб вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари ҳам шу тизим орқали амалга оширилиши белгиланган. Келгусида эса ишсизлик нафақаларини ҳам босқичма-босқич ушбу тизимга ўтказиш режалаштирилган.
Мутахассислар фикрича, янги тизимда нафақа миқдори суғурта стажига боғлиқ бўлиб, ўртача иш ҳақининг 75 фоизидан 100 фоизигача тўланади. Бунда камида 10 ойлик суғурта стажи талаб этилади.
Шунингдек, тизимда рақамлаштириш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилган. Эндиликда нафақалар фуқаронинг мурожаатисиз, электрон маълумотлар асосида автоматик тарзда тайинланади ҳамда тўловлар “ижтимоий карта” ёки банк карталари орқали амалга оширилади.
Тадбир якунида иштирокчилар янги тизим юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири