Шахматда янги эра: тарихий олимпиадага саноқли кунлар қолди
Бугунги даврда спорт фақатгина жисмоний мусобақа бўлиб қолмай, балки ҳар бир халқ ва давлатнинг интеллектуал салоҳияти, маданияти ва халқаро майдондаги нуфузини намойиш этадиган муҳим омилга айланди. Соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, “ақл гимнастикаси” ҳисобланган шахматга қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик мамлакатимизда янги интеллектуал уйғониш — Ренессанс пойдеворини қўйишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистонда шахматни тизимли ривожлантириш, уни боғча ёшидаги болалардан тортиб олий ўқув юртлари талабаларигача оммалаштириш ва иқтидорли ёшларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш бўйича узоқ муддатли, пухта ўйланган давлат сиёсати амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Юртимиз олдиндан салоҳиятли шахмат мактабига эга. Бугун ҳам болалар ўртасида "ақл гимнастикаси"га қизиқиш катта. Биз бу соҳада аниқ мақсадга йўналтирилган қарор ва дастурларни қабул қилдик. Нима учун? Ёшларимизнинг улкан салоҳиятини юзага чиқариш, уларни жаҳон майдонида муносиб рақобат қила оладиган янги авлод вакиллари этиб тарбиялаш учун. Ҳар бир билимли, интеллектуал салоҳиятли ёш — Ватан ҳимоячисидир”.
Ана шундай тизимли ва изчил эътибор ва қўллаб-қувватлаш ўз меваларини берди. 2022 йилда Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар терма жамоасининг тарихий ғалабаси, шунингдек, ёш гроссмейстерларимизнинг нуфузли халқаро турнирларда кетма-кет шоҳсупага кўтарилиши мамлакатимизнинг бу соҳадаги имкониятлари накадар юқори эканини бутун дунёга исботлади. Мана шу ютуқлар ва юқори халқаро эътирофнинг амалий натижаси сифатида, Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган йирик ақл-заковат анжуманига мезбонлик қилиш ҳуқуқига эга бўлди.
Тарихий воқеа: Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси Самарқандда
Самарқанд шаҳрида жорий йилнинг 15–27 сентябрь кунлари 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, 3-паралимпияда ва ФИДЕ нинг 97-конгресси бўлиб ўтади. Бу мусобақа нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё тарихида илк бор ўтказилаётган Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ҳисобланади. Дунё аҳлининг эътибори яна бир бор цивилизациялар чорраҳаси бўлган тарихий Самарқандга қаратилади.
Турнирнинг асосий кўрсаткичлари ва кўлами:
Иштирокчилар географияси: Мусобақада дунёнинг қарийб 200 та давлатидан жамоалар (очиқ ва аёллар турнирларида) қатнашиши кутилмоқда. Бу Бутунжаҳон шахмат олимпиадалари тарихидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлиб, рекорд даражадаги иштирокчилар сонини ташкил этади.
Ўтказилиш жойи: нуфузли мусобақа Самарқанд шаҳридаги энг муҳташам ва замонавий мажмуалардан бири — “Ипак йўли” халқаро кўргазмалар марказида (Silk Road International Exhibition Center) ташкил этилади. Марказ бир вақтнинг ўзида минглаб спортчилар, мураббийлар, ҳакамлар, ОАВ вакиллари ва меҳмонларни қабул қилиш учун барча техник ва логистик имкониятларга эга.
Пешқадам жамоалар ва фаворитлар: Олимпиадада сайёрамизнинг энг кучли гроссмейстерлари, амалдаги жаҳон чемпионлари ва етакчи терма жамоалари (АҚШ, Ҳиндистон, Хитой, Германия, Грузия ва б.) куч синашади. Мезбон сифатида Ўзбекистон очиқ ва аёллар баҳсларида бир нечта таркиб билан иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиб, миллий жамоамиз асосий фаворитлар қаторида эътироф этилмоқда.
Мезбонликга пухта тайёргарлик
Айни пайтда Самарқанд шаҳрида мазкур нуфузли спорт тадбирига алоҳида ва комплекс тайёргарлик кўрилмоқда. ФИДЕ вакиллари томонидан бир неча бор ўтказилган инспекциялар натижасида ўйин заллари, меҳмонхоналар инфратузилмаси, транспорт, хавфсизлик ва логистика тизими энг юқори халқаро стандартларга тўлиқ жавоб бериши таъкидланди. Мусобақани ўтказиш орқали Ўзбекистон нафақат спорт соҳасидаги ютуқларини, балки бой тарихий-маданий меросини, юксак меҳмондўстлигини ҳамда йирик глобал анжуманларни муваффақиятли ташкил эта олиш салоҳиятини дунёга намойиш этади.
Самарқанд шаҳрида 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг ўтказилиши шунчаки навбатдаги йирик мусобақа эмас. Бу — мамлакатимизда шахматга, илм-фан ва интеллектуал ривожланишга қаратилаётган давлат сиёсатининг юксак эътирофи ва ёрқин амалий натижасидир. Ушбу тарихий Олимпиада халқаро майдонда муносиб рақобат қила оладиган янги авлод шахматчиларини тарбиялаш, минг-минглаб ёшларни ушбу ақл-заковат спортига янада кенгроқ жалб этиш ва Ўзбекистоннинг интеллектуал мамлакат сифатидаги нуфузини дунё миқёсида янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Самарқанд тахтасида суриладиган ҳар бир дона — юртимиз келажаги ва юксалиши сари ташланган яна бир дадил қадам бўлади.
А.Ғаффоров,
ЎзА