Сингапурда шахмат бўйича ўтаётган «Singapore international open» турнирида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзолари ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.
34 та давлатдан 300 нафарга яқин маҳоратли шахматчи иштирок этаётган мусобақанинг кеча бўлиб ўтган 3-тур ўйинларида шахматчиларимиздан Гулдона Каримова оқ доналарда сингапурлик Алессио Вальсеккини, Маржона Маликова оқ доналарда ветнамлик Нгуен Тҳи Минҳни, Нилуфархон Имомқўзиева оқ доналарда англиялик Гопакумар Сиддхартни мағлуб этди.

Терма жамоамиз аъзоларидан Барчиной Шокиржонова ва Асал Салимова 3-турда дурангга эришган бўлса, Умида Омонова ҳамда Нодира Нодиржонова имкониятни бой бериб қўйди.

Бугун, 1 декабрь куни бўлиб ўтадиган 4-тур ўйинларида:
— Гулдона Каримова қора доналарда ФИДE байроғи остида иштирок этаётган Михаил Кобалия билан;
— Маржона Маликова филиппинлик Даниел Қуизон билан;
— Барчиной Шокиржонова филиппинлик Пауло Берсамина билан;
— Асал Салимова ҳиндистонлик Дей Шаҳил билан;
— Нилуфархон Имомқўзиева индонезиялик Роннй Гунаван билан;
— Умида Омонова сингапурлик Чи Хун Жонатхан билан;
— Нодира Нодиржонова сингапурлик Гнанасекар Жаи Адитя билан курашади.

Ортда қолган 3-тур ўйинларидан сўнг, турнирда мағлубиятсиз одимлаётган терма жамоамиз аъзоларидан Гулдона Каримова 2,5 очко билан 285 нафар иштирокчи орасида 11-ўринда бормоқда.

«Singapore international open» турнирининг сўнгги 9-тур ўйинлари 5 декабрь куни бўлиб ўтади.
Т. Рўзиев, ЎзА