Шахмат олимпиадаси ҳакамлари учун семинар ўтказилди
Жорий йилнинг 15-27 сентябрь кунлари кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ҳамда 3-Пара шахмат олимпиадаси мусобақалари бўлиб ўтади.
200 дан зиёд жамоалар иштирок этадиган мазкур нуфузли мусобақалар олдидан куни кеча Халқаро шахмат федерацияси ва Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан баҳсларни бошқариб боришда иштирок этадиган ҳакамлар учун 1-онлайн семинар машғулотлари бўлиб ўтди.

ZOOM платформасида ўтказилган семинар машғулотларини 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси бош ҳаками Иван Суров ҳамда 3-Пара шахмат олимпиадаси бош ҳаками Небожса Баралис олиб борди.
Ўзбекистонлик ҳамда хорижлик тажрибали ҳакамлар иштирок этган семинар давомида ҳар икки йилда бир марта ўтадиган шахмат олимпиадаси мусобақаларидаги асосий иш тартиби, ҳакамларнинг вазифалари, масъулияти ва мусобақа жараёнида амал қилиниши лозим бўлган муҳим тамойиллар ҳақида сўз борди.
Т.Рўзиев,
ЎзА