Шахмат: Нодирбек Абдусатторов бугун Будапештда Алиреза Фирузжа билан куч синашади
Венгриянинг Будапешт шаҳрида янги форматдаги “Total Chess World Championship Tour 2026” мусобақасининг дастлабки ўйинлари ортда қолди.
Айтиш лозимки, мукофот жамғармаси 650 минг АҚШ долларини ташкил этувчи янги форматдаги нуфузли турнир уч хил вақт назоратида, 24 нафар шахматчи иштирокида 11 кун давомида ўтказилади.
Кеча мазкур мусобақанинг илк босқичида иштирокчилар блиц баҳсларида куч синашди.

Ўзбекистон терма жамоаси сардори Нодирбек Абдусатторов ортда қолган 9 та турда фақат қозоғистонлик Бибисара Ассаубаевани мағлуб этди. Арманистонлик Хайк Мартиросян, америкалик Левон Аронян, нидерландиялик Жорден ван Форест билан дуранг ўйнади. Германиялик Винсент Каймер, озарбайжонлик Шахриёр Мамедьяров, америкалик Мишра Абҳиманю, польшалик Ян-Кшиштоф Дуда ва вьетнамлик Льем Лега имкониятни бой берди.
Ушбу натижалар сарҳисобига кўра, Абдусатторов 2,5 очко жамғарган ҳолда 22-поғонани банд этди. Тўққиз имкониятдан 7 очко жамғарган норвегиялик Магнус Карлсен блиц баҳсларида етакчиликка эришди.

Бугун, 11 ноябрь куни “Total Chess World Championship Tour 2026” мусобақасининг “Fast Classic” форматидаги баҳслари бошланади.
Унда 24 нафар шахматчи 6 нафардан иборат 4 та гуруҳга бўлиниб, икки даврали айлана тизимда куч синашади. Ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов франциялик Алиреза Фирузжа, польшалик Ян-Кшиштоф Дуда, нидерландиялик Жорден ван Форест, америкалик Левон Аронян ва Эндрю З.Хонг билан “А” гуруҳида баҳс олиб боради.
Бугун ўтказиладиган 2 та турда Нодирбек Алиреза Фирузжага қарши дона суради. 15 ноябрга қадар давом этадиган ушбу форматдаги баҳсларда ғолиблик учун 3 очко, дурангга эса 1 очко тақдим этилади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА