АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида давом этаётган "Sinquefield Cup" турнирининг 2-турида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда франциялик Алиреза Фирузжа билан куч синашиб, муроса йўлини танлади.
Мазкур турда ўтказилган қолган 4 та учрашувда ҳам томонларнинг дурангга эришгани мусобақа жадвалининг ўзгаришсиз қолишига олиб келди.
Бугун, 21 август куни ўтказиладиган 3-тур мусобақасида Нодирбек Абдусатторов қора доналарда Фабиано Каруанага қарши баҳс олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, дунёнинг 10 нафар энг кучли шахматчилари иштирок этаётган мусобақанинг мукофот жамғармаси 350 минг АҚШ долларидан иборат бўлиб, ғолиб шахматчи 100 минг АҚШ долларига эга чиқади.
Т.Рўзиев, ЎзА