Шахмат: Каруана билан курашмаган Фирузжа Синдоровга қарши ўйинда иштирок этадими?
Бугун, 18 май куни Руминия пойтахти Бухарест шаҳрида ўтаётган “Superbet Chess Classic Romania 2026" халқаро турнирининг 5-турида Жавоҳир Синдоров қора доналарда франциялик Алиреза Фирузжа қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.
Бироқ ушбу ўйин амалга ошиши ҳозирча савол остида турибди. Боиси, турнинг марказий баҳсларидан бири саналган АҚШлик Фабиано Каруана ва франциялик Алиреза Фирузжа тўқнашуви франциялик гроссмейстернинг соғлиғи ёмонлашгани сабабли қолдирилди.
Ташкилотчилар Алиреза айни дамда ўйинга тайёр эмаслигини маълум қилиб, унинг тез орада соғайиб, турнирни давом эттира олишига умид билдирди ва қўшимча маълумотлар бугунги тур якунлангач тақдим этилишини маълум қилди.

Халқаро турнир Низомга кўра, ушбу қолдирилган учрашувни 19 май, яъни турнирдаги дам олиш кунида ўтказиш имконияти мавжуд. Бироқ агар Фирузжа касаллиги сабабли мусобақани бутунлай тарк этишга мажбур бўлса, партияларнинг ҳали ярми ўйналиб улгурмагани туфайли унинг турнир жадвалидаги барча натижалари бекор қилинади.
Бу вазиятда Алирезани ўтган турларда мағлуб этган Максим Ваше-Лаграв ҳамда Аниш Гири зарар кўради. Чунки уларнинг қўлга киритган очколари турнир жадвалидан олиб ташланади.

Кеча ўтказилган 4-тур мусобақасида ҳамюртимиз Ж.Синдоров оқ доналарда азалий рақибларидан бири Аниш Гири билан куч синашди. Қизиқарли ва тенг курашлар остида кечган ўйиннинг 45-юриш ҳолатидаги кичик ноаниқлик Гирига дурангга эришиш имкониятини тақдим этган бўлса, Синдоровни қайсидир маънода ғалабадан мосуво қилди. Шундан сўнг Жавоҳир кичик устунликка эга бўлсада баҳс дуранг билан интиҳо топди.
Мазкур турда германиялик Винсент Каймер Франция вакили Максим Вашье-Лагравни таслим этган бўлса, Уэсли Со-Богдан-Даниэль Дик, Жорден ван Форест-Праггнанандха жуфтликларидаги мусобақаларда муроса йўли танланди.

Бугун кечки пайт бошланадиган 5-тур баҳсларида Максим Вашье-Лаграв- Жорден ван Форест, Богдан-Даниэль Дик-Фабиано Каруана, Праггнанандха- Уэсли Со, Аниш Гири- Винсент Каймер рўбарў келади.
Мукофот жамғармаси 475 минг АҚШ долларидан иборат халқаро турнир 23 майга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА