Шахмат: Гукеш-Синдоров “жанги” доирасида Женевада қандай тадбирлар ўтказилади?
Яна 20 кундан сўнг Швейцариянинг Женева шаҳрида Гукеш Доммаражу ва ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров ўртасида Жаҳон чемпиони тожи ва унвони учун кураш бошланади.
Куни кеча Халқаро шахмат федерацияси жорий йил 22 ноябрь - 12 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган мазкур мусобақа йилнинг энг муҳим шахмат тадбири экани муносабати билан чемпионат доирасидаги дастурлар тизимини эълон қилди.
Уч ҳафта давомидаги Гукеш-Синдоров “жанги” нафақат профессионал шахматнинг чўққиси, балки мухлисларни, шахмат дунёсини бир майдонга жамлайдиган глобал мусобақа саналадики, унинг доирасида бир қатор тадбирлар уюштирилиши назарда тутилмоқда.
Женевада кечадиган асосий баҳсларни кузатиш учун келган ишқибозлар таниқли гроссмейстерлар, собиқ жаҳон чемпионлари билан учрашиб, мулоқот қилиш, блиц турнирларда қатнашиш имконига эга бўлишади.

Мусобақаларни бевосита кузатиш учун келган томошабинлар собиқ жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд ёки аёллар шахматининг энг номдор вакилларидан бири Александра Костенюк билан дона суриши, суҳбатлашиши мумкин бўлади.
Шунингдек, Жаҳон шахмат тожи учун ўтказиладиган мусобақалар дастуридан гроссмейстерлар Аниш Гири, Анна Музичук, Янник Пеллетиер сингари номдорлар билан мулоқот қилиш ҳудудлари ташкил этилиши белгиланган.
Бундан ташқари, турли кўнгилочар дастурлар, миллий ва жаҳон аҳамиятига доир кўргазмалар жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу ва ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров баҳсининг янада қизиқарли ва сермаҳсул ўтишини таъминлаши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, классик йўналишда ўтказиладиган 14 та турдан иборат чемпионлик мусобақасининг умумий мукофот жамғармаси 2,5 миллион доллардан иборат бўлиб, ғолибликка эришган шахматчи 1,3 миллион, вице-чемпион эса 1,2 миллион билан тақдирланади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА