Доммаражу Гукеш: “Синдоровнинг шахматдан завқ олиши менга илҳом бағишлайди”
Жавоҳир Синдоров-Доммаражу Гукеш ўртасида Жаҳон шахмат тожи ва унвони учун ўтадиган баҳс бошланишига деярли бир ҳафтача вақт қолди.
Швейцариянинг Женева шаҳрида ўтказиладиган мазкур тарихий баҳс олдидан шахматга оид турли интернет нашрлари, ахборот воситаларида бир-биридан қизиқарли муносабатлар билдирилмоқда.
Куни кеча Ҳиндистоннинг “ChessBase India” нашри амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш ва собиқ жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд ўртасидаги суҳбатни кенг жамоатчиликка ҳавола этди.
Мулоқот жараёнида Гукеш Жавоҳир Синдоровнинг ўйин тактикаси, улар ўртасидаги муносабат ва бошқа омиллар ҳақида фикр билдирди.
-Синдоровдан кўп нарса ўрганиш мумкин. У бугунги даврнинг энг ёрқин вакили. Мен ҳам ундан кўп нарсаларни ўрганганман ва ўрганмоқдаман. У шахмат ўйнаётганида жуда бахтли кўринади. Шу жиҳатдан, унинг ўйин услуби, атрофга муносабати, вазминлиги менга илҳом бағишлайди, - дея таъкидлаган.
Ҳиндистонлик гроссмейстер сўнгги вақтларда юқори натижаларни қайд этишига босим ва катта кутилмалар халақит бераётганини тан олди. Ҳозир эса у шахматдан ва ҳаётдан кўпроқ завқ олишга, ҳар куни ўзини бахтли ҳис қилишга интилаётганини айтиб ўтди.
Гукеш бўлажак рақибининг кучли томонларини эътироф этиб, ўзининг жаҳон чемпионати ўйинида иштирок этгани ва кучлилар билан узоқроқ вақт ўйнаганини Синдоровдан устун жиҳати, деб ҳисоблашини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, Гукеш ва Синдоров ўртасидаги жаҳон чемпионатининг биринчи тур баҳси 24 ноябрь куни бўлиб ўтади.
Мусобақа 12 декабрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА