Лондонда давом этаётган “Global Chess League “Tech Mahindra” турнирининг иккинчи тур мусобақаларининг деярли тенг ярми ортда қолди. Олтита жамоа бир-бири билан камида бир мартадан тўқнаш келди.
Бешта учрашувнинг барчасида ғалабага эришган Нодирбек Абдусатторов дона сураётган “PBG Alaskan Knights” жамоаси 15 очко билан турнир жадвалини бошқариб бормоқда. Жавоҳир Синдоров жамоаси бўлган “Triveni Continental Kings” 9 очко билан 2-ўринни эгаллаб турибди.
Кеча ўтказилган ўйинларда жамоа сардори Аниш Гири “Alpine SG Pipers” сардори Магнус Карлсенга имкониятни бой берган вазиятда Нодирбек Абдусатторов Прагнанандха Рамешбабуни таслим қилди ва жамоасининг ғалаба қозонишига муносиб ҳисса қўшди.
Жавоҳир Синдоров “Triveni Continental Kings” сафида “upGrad Mumba Masters” вакили билан муроса йўлини танлади.
Бугун, 7 окябрь куни нуфузли мусобақанинг навбатдаги баҳсларида “Triveni Continental Kings” – “upGrad Mumba Masters”, “PBG Alaskan Knights” – “Alpine SG Pipers”, “Ganges Grandmasters” – “American Gambits” кураш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 1 миллион АҚШ долларидан иборат “Global Chess League “Tech Mahindra” турнири 12 октябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА