Осиё кубоги: илк турда ғалабага эришган шахматчиларимиз Ҳиндистон ва Қозоғистон билан куч синашади
Шу кунларда Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида шахмат бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида Осиё кубоги мусобақалари ўтказилмоқда.
9 та турдан иборат қитъа кубоги баҳсларининг эркаклар гуруҳида 21 та, аёллар гуруҳида 12 та мамлакат терма жамоалари дона сурмоқда.

Ортда қолган 1-тур ўйинларида Ҳумоюн Бекмуратов, Абдумажид Ботиралиев, Муҳаммадали Абдураҳмонов, Баҳром Баҳриллаев, Шералижон Равшановдан иборат Ўзбекистон эркаклар жамоаси аъзолари Фаластин терма жамоасини 3,5:1,5 ҳисобида, Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Нилуфархон Имомқўзиевадан ташкил топган шахматчи қизларимиз эса илк турда Покистон терма жамоасини 4:0 кўринишида доғда қолдирди.

Бугун, 11 ноябрь куни Осиё кубогининг 2-турида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ҳиндистон билан, шахматчи қизларимиз Қозоғистон жамоаси билан куч синашади.
Мусобақалар 17 ноябрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА