Шавкат Аюпов: “Мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар Амир Темур давридаги тарихий жараёнлар билан ҳамоҳанг”
Президент Шавкат Мирзиёев кеча Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида соҳибқирон ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросимида иштирок этди.
Айни кунларда юртимиз бўйлаб Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий, илмий ва маданий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов мазкур сана муносабати билан амалга оширилаётган халқаро миқёсдаги тадбирлар ва илмий изланишлар юзасидан фикр билдирди:
– Амир Темур таваллуди бу йил мутлақо янги руҳда нишонланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жамият ҳаётидаги янгиланишлар ўша даврдаги тарихий жараёнлар билан маълум маънода ҳамоҳангдир. Чунки Амир Темур замонида иккинчи Ренессанс пойдевори яратилган бўлса, бугун биз учинчи Ренессанс асосларини барпо этмоқдамиз, – деди Фанлар академияси президенти. – Айниқса, илмий жамоатчилик томонидан аждодларимиз меросини чуқур ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Бу борада яқинда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу марказ нафақат илмий тадқиқотлар олиб бориш, балки ёш авлодга тарихий ҳақиқатни етказиш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғусини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Марказнинг асосий мақсадларидан бири – ёшларга биринчи ва иккинчи Ренессанс даврларида етишиб чиққан буюк алломалар, давлат арбоблари ва саркардалар айнан шу замин фарзандлари эканини англатишдир. Бу эса, ўз навбатида, янги Ўзбекистонда барпо этилаётган учинчи Ренессанс учун мустаҳкам маънавий ва илмий пойдевор яратади.
Бугунги кунда амалга оширилаётган илмий ва маданий лойиҳалар, халқаро анжуманлар ва тадқиқотлар Амир Темур ва темурийлар меросининг жаҳон цивилизациясида тутган ўрнини янада очиб беришга хизмат қилмоқда. Бу ишлар нафақат миллий, балки глобал аҳамият касб этаётгани билан ҳам алоҳида эътиборга лойиқ.
Батафсил видеода…
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/n1Bjgy4CrKs" title="Shavkat Ayupov:“Mamlakatimizda kechayotgan islohotlar Amir Temur davridagi jarayonlar bilan hamohang" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Искандар ИСМАТОВ (видео),
ЎзА