Янги Ўзбекистон тараққиётининг маънавий пойдевори буюк аждодлар меросидан қувват олади
Президент Шавкат Мирзиёев 9 апрель куни Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонига ташриф буюрди ва Темурийлар тарихи давлат музейидаги реконструкция ишлари билан танишди.
Президентимиз хиёбонда машҳур давлат арбоби, енгилмас саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.
Шу кунларда Ватанимизда катта байрам, катта шодиёна – Амир Темур бобомизнинг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда. Бу қутлуғ сана муносабати билан мамлакатимизда кўплаб маънавий-маърифий, илмий ва маданий тадбирлар ўтказилмоқда.

Амир Темур XIV асрда, ғоят мураккаб бир даврда юртимиз ҳудудида миллий давлатчиликни қайта тиклаб, Ватан озодлиги йўлида улкан жасорат кўрсатган буюк тарихий шахсдир. У асос солган қудратли салтанат жаҳон цивилизацияси тарихида ўчмас из қолдирган. Соҳибқироннинг ҳаёти ва фаолияти салкам етти асрдан буён дунё олимлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганиб келинмоқда. Турли мамлакатларда Амир Темур ва темурийларга бағишлаб минглаб бадиий, илмий ва санъат асарлари яратилгани, бу ишлар бугун ҳам давом этаётгани унинг тарихий сиймoси ва мероси нечоғлиқ беқиёс эканидан далолат беради.
Халқимиз муқаддас юртимиз заминидан шундай улуғ зот етишиб чиққани билан доимо фахрланиб яшайди. Айниқса, бугунги кунда – Янги Ўзбекистон шароитида Амир Темур ва темурийлар тарихи ҳамда меросини чуқур ўрганиш ҳар қачонгидан ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Бу шонли сулола томонидан яратилган темурийлар Ренессанси мамлакатимизда янги Уйғониш даври пойдеворини яратишда халқимиз учун ишонч, илҳом ва куч-ғайрат манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Амир Темурнинг “Куч – адолатда”, “Адолат билан жаҳон гулшани обод бўлади” деган доно ўгитлари бугун юртимизда ижтимоий давлат барпо этиш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларда ўзига хос дастур ва амалий қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда. Шу маънода, Соҳибқирон мероси нафақат халқимизнинг шонли ўтмиши, балки бугунги тараққиётимиз ва келажак мақсадларимиз билан ҳам узвий боғлиқдир.

Кейинги йилларда мамлакатимизда Амир Темур ва темурийлар меросини чуқур ўрганиш, уни юртимиз ва халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Амир Темурнинг 690 йиллиги муносабати билан алоҳида қарор қабул қилиниб, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ҳар йил апрель ойини мамлакатимизда Амир Темур ойлиги сифатида ўтказиш белгиланди. Ижодкорлар томонидан янги илмий ва бадиий китоблар, фильм ва спектакллар, тасвирий санъат асарлари яратилмоқда. Хусусан, машҳур “Темур тузуклари” асари янгитдан нашр этилди. Юртимизда улуғ бобомиз номи билан аталган давлат мукофотлари, майдон ва хиёбонлар, таълим ва маданият масканлари мавжуд. Ҳудудлардаги “Темурбеклар мактаблари” эса ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда ўзига хос намуна бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу кунларда пойтахтимизда Амир Темур ва темурийлар Ренессансига бағишланган нуфузли халқаро конференция ўтказилаётгани ҳам ушбу эзгу ишлар изчил ва тизимли давом этаётганининг ёрқин тасдиғидир. Унда юртимиз олимлари билан бир қаторда дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган атоқли тарихчилар, шоир ва адиблар, маданият ва жамоат намояндалари иштирок этмоқда.
Бугун мамлакатимизда Соҳибқирон ўгитларига амал қилиб, адолатли давлат қуриш, муҳтожларга ёрдам бериш, ёшлар, хотин-қизлар ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, илм-маърифат ва бунёдкорликни ривожлантириш, дунёга очиқ бўлиб, турли мамлакатлар билан ҳамкорлик қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу жиҳатлар ҳам Амир Темур меросининг бугунги ҳаётимиздаги долзарб аҳамиятини яққол намоён этади.
Ўзлигимизни англаш, бой тарихимизни тиклаш ва аждодларимиз меросини келажак авлодга етказиш мақсадида кейинги йилларда йирик маънавий-маърифий масканлар барпо этилди. Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий мажмуаси бунёд этилди. Шулар қаторида бундан 30 йил олдин қурилган Темурийлар тарихи давлат музейи ҳам замонавий талаблар асосида тубдан қайта таъмирланди. Энди ушбу маскан илму маърифат, инновацион тафаккур, янги ғоялар ва тадқиқотлар марказига айланмоқда. Бу ерда барча зарур шароитлар яратилган бўлиб, мазкур даргоҳ эл-юрт, айниқса, ёш авлодни миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Тадбир давомида Амир Темур хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилиб, ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Маълумки, Соҳибқирон Амир Темур қаерда бўлмасин, боғу роғлар барпо этишга, ҳар бир қарич ерни обод қилишга катта аҳамият қаратган. Ана шу бунёдкор анъаналарнинг узвий давоми сифатида Амир Темур хиёбонида ҳам катта ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Тадбир якунида Президент Шавкат Мирзиёев хиёбонда кўчат экди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топганининг 690 йиллиги муносабати билан реконструкция қилинган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди.

Маълумки, Мовароуннаҳрни ягона давлат сифатида бирлаштирган Соҳибқирон пойтахти Самарқанд бўлган қудратли салтанат тузди. Ўзининг дунёга машҳур “Темур тузуклари” орқали давлатни бошқаришнинг ҳуқуқий мезонларини белгилаб берди. Илм-фан ва маданият ривожига ҳам беқиёс ҳисса қўшиб, Иккинчи уйғониш даври – темурийлар Ренессансига асос солди.
Унинг даврида бунёд этилган бебаҳо обидалар ўзбек халқининг миллий ғурури ва ўлмас тарихий мероси бўлиб хизмат қилмоқда.
Бобомизнинг “Адолат ҳар бир ишда ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин”, дея таъкидлаган ҳикматли сўзлари бугун Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларда яққол акс этмоқда.
Ушбу улуғ зот таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида жорий йил 5 февраль куни Президентимизнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, ҳар йили апрель ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилиниб, таълим муассасалари, илмий марказлар ва маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчи ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ва маърифий тадбирлар ўтказилади.
Қарор ижроси доирасида дунёдаги машҳур музейларнинг энг илғор тажрибаларини қўллаган ҳолда Темурийлар тарихи давлат музейи биноси реконструкция қилинди, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Рақамлаштириш орқали имкониятлари кенгайтирилиб, экспозициялари янгиланди, жумладан, хориждаги тўпламлардан харид қилинган экспонатлар билан бойитилди.
Жумладан, музейнинг биринчи қаватида “Буюк Соҳибқирон – Иккинчи Ренессанс асосчиси” бўлими ташкил этилди. Иккинчи қаватда эса сунъий интеллект ва “ақлли” технологиялар асосида Амир Темур даври ва темурийлар ҳақида интерактив экспозициялар жойлашган. Шунингдек, 3D форматдаги экспонатлар ҳамда хариталар намойиш қилинган.

Давлатимиз раҳбари Темурийлар тарихи давлат музейининг янгиланган экспозицияси ва ташриф буюрувчилар учун яратилган шароитлар билан танишар экан, аждодлар меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб этишнинг нақадар муҳим эканига урғу берди.
– Дунё ҳавас қилгулик тарихимиз, меросимиз бор. Соҳибқирон тарихини жамлаган музей замонга муносиб янги қиёфага келгани яхши бўлди. Энди буни аҳолимизга, ёшларга, хорижлик меҳмонларга етказиш энг катта вазифамиз. Янги Ўзбекистонни юксалтириш учун керакли билимларни қаердан олиш мумкин десангиз, буларнинг барчаси – аждодларимиз қолдирган меросда, илмда. Шу боис, ёшларимизни, нуронийларни, умуман, аҳолимизни маҳаллабай тарзда музейларга олиб келиб, буюк тарихимиз ҳақидаги билимларини оширишимиз лозим, – деди давлатимиз раҳбари.
Президент Шавкат Мирзиёев ташриф асносида Темурийлар тарихи давлат музейининг меҳмонлар китобига дастхат қолдирди.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА мухбирлари