Сергей Хитойда, Лайма Испанияда чемпион бўлмоқчи
Жорий ҳафтада Хитой ва Испания мамлакатларида теннис бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида нуфузли мусобақа бўлиб ўтади. Қувонарлиси ушбу турнирларда мамлакатимиз шарафини Сергей Фомин ва Лайма Владсон ҳимоя қилади.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, Шанхай шаҳрида эркаклар ўртасида 13 сентябрь кунига қадар ўтадиган “Challenger 100” туркумига кирувчи “Rolex Shanghai Masters” турнирида Сергей Фомин яккалик баҳсларининг асосий тўрида иштирок этмоқда. Теннисчимиз илк даврада мезбонлар вакили Чжоу И билан рақобатлашади.
Испаниянинг Реус шаҳрида ўтказилаётган аёллар ўртасидаги ITF турнирида эса ҳамюртимиз Лайма Владсон ўз иштирокини саралаш босқичидан бошлади. Мукофот жамғармаси 30 минг АҚШ долларидан иборат бўлган турнирда Лайма дастлабки баҳсини испаниялик Арес Тейхидо Гарсияга қарши ўтказиб, якунда 6:2, 5:7, 10:8 ҳисобида зафар қучди.
Энди Лайма Владсон асосий тўрнинг биринчи даврасига йўлланмани қўлга киритиш учун Буюк Британия вакили Летисия Романова билан саралаш босқичи финалида ўйнайди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА