Уч нафар теннисчимиз Хитойда бош совринни кўзламоқда
Хитойнинг Пекин шаҳрида аёллар ўртасида WTA 1000 туркумига кирувчи “China Open — 2026” халқаро турнирида мамлакатимизнинг энг кучли уч нафар теннисчиси Камилла Раҳимова, Мария Тимофеева ҳамда Полина Кудерметова иштирок этади.
Нуфузли мусобақанинг яккалик баҳсларига ташланган қуръа натижасига кўра, Камилла Раҳимова илк даврада испаниялик Марина Бассольс Риберага қарши кортга чиқса, Полина Кудерметова мирслик Маяр Шериф билан биринчи босқичда тўқнашади. Мария Тимофеева эса дастлабки учрашувини чехиялик Дарья Видмановага қарши ўтказади.
Маълумот учун, “China Open — 2026” турнири 30 сентябрь кунидан 11 октябрь санасига қадар давом этади. Мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 9 миллион 415 минг 725 АҚШ долларини ташкил этмоқда. Турнирнинг аёллар ўртасидаги яккалик баҳси ғолиби 1 миллион 151 минг 380 АҚШ доллари мукофот пули ва 1000 рейтинг очкосига эга бўлади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА