Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич рафиқаси билан 29 октябрь куни Тошкент шаҳрида барпо этилган, Ислом меъморчилигининг ҳақиқий дурдонаси ва Ўзбекистоннинг Учинчи уйғониш даври тимсоли саналган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.

Олий мартабали меҳмонга Бош вазир ўринбосари О.Раматов ҳамда марказ раҳбарияти, олимлар ҳамроҳлик қилиб, дунёда ўхшаши бўлмаган ушбу улкан меъморий мажмуа ҳамда унинг жаҳон илм-фани ва ислом оламидаги ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди.

Президент Александр Вучич марказнинг музейи, кўргазма заллари, архив, ахборот технологиялари маркази, қўлёзмалар бўлими, хаттотлик ва ислом меросини сақлашга қаратилган инфратузилмалар билан танишди.

Шунингдек, марказ ҳудудида ташкил этилган Ислом академияси, ахборот-ресурс маркази, конференция зали ва бошқа иншоотлар ўзига хос меъморий услубда бунёд этилгани билан меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Замонавий шаҳарсозлик шароитида бундай меъморий ёдгорликларнинг аҳамияти, Марказнинг мақсад ва вазифалари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Қадимий меъморий анъаналар ва миллий безаклар уйғунлигида қурилган, тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада эса 65 метрли миллий услубдаги гумбаз барпо этилган бу иншоотнинг маҳобати меҳмонларни ўзига ром этди.

Президент Александр Вучич марказдаги экспозициялар билан танишиб, халқимизнинг бой тарихий ва маънавий меросини кенг намойиш этишга қаратилган бундай ишлар юксак самара беришига ишонч билдирди.
<iframe width="463" height="823" src="https://www.youtube.com/embed/alIHZdSR470" title="Serbiya Prezidenti Islom sivilizatsiyasi markaziga tashrif buyurdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдулазиз РУСТАМОВ,
Рустам НАЗАРМАТОВ (сурат), ЎзА