Сенатор аҳолининг эътирозларига сабаб бўлган чиқинди масаласига эътибор қаратди
Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли учун қулай экологик муҳит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Чиқиндиларни тўплаш, ташиш ва қайта ишлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ, чиқиндилар билан боғлиқ айрим муаммолар аҳолининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги чиқиндиларни қайта юклаш станцияси фаолиятидан Тикланиш маҳалласи аҳолиси норозилик билдирмоқда. Чунки чиқиндиларни ташиш, тушириш, сақлаш ва қайта юклаш жараёнида бадбўй ҳид атрофдаги ҳудудга тарқалмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Ш.Ҳасановга ушбу масала юзасидан сенатор сўрови юборди.
Сенатор сўровида чиқиндиларни вақтинча сақлаш ва қайта юклаш станциясини жойлаштиришда белгиланган талабларга риоя этилиши, унинг санитария ва экология меъёрларига мувофиқлиги, лойиҳавий қуввати, амалдаги юкламаси, замонавий технологияларни қўллаш, ўз вақтида чиқиндиларни ташиб кетиш, махсус транспорт воситаларининг санитария-техник ҳолати, ҳудудни ободонлаштириш бўйича кўрилаётган чоралар каби масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш сўралган.
Н.Абдураимова, ЎзА