Сенат ишчи гуруҳи чиқиндиларни бошқариш тизимидаги муаммоларни ўрганди
Шаҳарларда санитария-тозалаш ишларини самарали ташкил этиш, қаттиқ маиший чиқиндиларни ўз вақтида йиғиш ва олиб чиқиш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ҳамда чиқиндиларни бошқариш тизимида мавжуд инфратузилма ва махсус техникалардан самарали фойдаланиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ шу масалага эътибор қаратилиб, “Махсустранс ишлаб чиқариш бошқармаси” давлат корхонасининг фаолияти, хусусан, чиқиндиларни йиғиш ва ташиш тизими, мавжуд инфратузилма ҳамда соҳадаги муаммолар ўрганилди.
Хусусан, “Яккасарой” чиқиндиларни қайта юклаш шохобчаси ҳамда Сергели туманидаги 18-сонли чиқинди майдончасидаги мавжуд ҳолат билан яқиндан танишилди.
Мазкур объектларда иш жараёнининг ташкил этилиши, санитария ва экологик талабларнинг бажарилиши, шунингдек, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
“Яккасарой” чиқиндиларни қайта юклаш шохобчаси орқали бир кунда ўртача 2,8 - 3,2 минг тонна атрофида қаттиқ маиший чиқиндилар ташиб чиқарилиши, мазкур жараёнда чиқиндилар ҳаракати электрон тарози ва видеокузатув тизимлари орқали назорат қилиниши маълум бўлди.

Сергели “Махсустранс” автотранспорт филиали фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Филиал томонидан 32 маҳаллада истиқомат қилувчи 173 мингдан зиёд аҳоли ҳамда 1 мингдан ортиқ корхона ва ташкилотга санитария-тозалаш хизматлари кўрсатилади. Филиал тасарруфидаги махсус техникалар ва чиқинди йиғиш майдончаларининг ҳолати, улардан самарали фойдаланиш ҳамда чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўрганишлар давомида чиқиндиларни йиғиш ва ташиш ҳажми ортиб бораётгани ва хизмат кўрсатиладиган ҳудудлар кенгайиши туфайли махсус техникалар ва чиқинди контейнерларини янгилаш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш зарурлиги қайд этилди.
Ўрганиш якунида тизимда ўз ечимини кутаётган масалаларни бартараф этиш, корхонанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва чиқиндиларни бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар билдирилди.
Н.Абдураимова, ЎзА