Сенатнинг йигирма биринчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади
Бугун, 2026 йил 27 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқариб бораётган ялпи мажлис кун тартибига мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор муҳим масалалар киритилган.
Хусусан, “Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида”, “Ўзбекистон эҳтироми” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги қонунлар муҳокама қилинади.
Тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаб, уларга айрим солиқ имтиёзларини бериш, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рағбатлантириш, улар учун махсус солиқ режимини жорий этиш ҳамда меҳнат фаолиятини тартибга солишга қаратилган қонунларни кўриб чиқиш режалаштирилган.

Суд иши муҳокамасининг барча босқичларида тортишув принципини таъминлаш ва адвокатнинг одил судловни амалга оширишдаги ролини ошириш, прекурсорлар муомаласига оид қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик белгилаш, қурилиши тугалланмаган кўп квартирали уйларда ноқонуний яшашнинг олдини олиш ҳамда божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қонунлар муҳокама қилинади.
Давлат сирларини сақлаш фаолиятининг ҳуқуқий асосларини, ер тўғрисидаги қонунчиликни ҳамда тиббиёт ва фармацевтика фаолиятини такомиллаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонунлар ҳам кун тартиби лойиҳасидан ўрин олган.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг прокуратура органларининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини ҳам эшитади.
Ялпи мажлисда мамлакатимизда табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқиш ҳам режалаштирилган.
Норгул Абдураимова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА