Халқ, Ватан қайғусида ёзилган мактуб (+видео)
Давлат раҳбарининг хорижий сафарлари ҳамиша катта сиёсий билим билан бирга жисмоний куч ҳам талаб этади. Лекин Президент набирасининг “Нега сиз доим узоқ сафарларга кетасиз?”, деган саволини жавобсиз қолдира олмади. Ҳар қанча бандлигига қарамай унга самолётдан мактуб йўллади. Мактуб кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинмоқда.
Бугун биз шу ҳақидаги фикрларини билдириши учун студиямизга Фарғона давлат унверситетининг ректори, профессор Баҳодир Шермуҳаммадовни таклиф этдик.
– Хуш келибсиз. Президент набирасига ёзилган мактуб сизда қандай таассурот қолдирди?
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Иордания давлатига амалга оширган сафари давомида набираси Шавкатбекка йўллаган самимий мактубини ўқиб, унда оддий бир бобо ва набира ўртасидаги меҳр-муҳаббат ифодасидан анча кенг, теран ва улкан мазмун мужассам эканини ҳис этиш мумкин. Бу мактуб давлат раҳбарининг қалб кечинмалари, ҳаётий эътиқоди, халқ олдидаги масъулияти ва келажак авлод тақдири ҳақидаги мушоҳадаларининг ўзига хос ифодасидир.
Мактубнинг энг таъсирчан жиҳати шундаки, унда бир боланинг содда саволи – “Нега Сиз доим узоқ сафарларга кетасиз?” деган мурожаат бутун бир халқ, миллат ва давлат келажаги билан боғлиқ катта ҳаётий ҳақиқатни очиб беради. Президент бу саволга шунчаки сафарларнинг сабабини изоҳлаш билан чекланмайди. Аксинча, ўз зиммасидаги масъулиятнинг асл моҳиятини, давлат раҳбари бўлиш қандай улкан бурч ва фидойиликни талаб этишини тушунтиради.
Дарҳақиқат, давлат раҳбарининг фаолияти фақат расмий учрашувлар, давлат ташрифлари ёки сиёсий музокаралардан иборат эмас. Унинг ҳар бир қарори, ҳар бир ташаббуси, халқаро майдондаги ҳар бир учрашуви ортида миллионлаб инсонларнинг бугуни ва эртанги куни, оилаларнинг фаровонлиги, ёшларнинг таълим олиши, мамлакатнинг тинчлиги ва тараққиёти билан боғлиқ масъулият туради. Мактубдаги “Мен нафақат сенинг, балки сенга ўхшаган миллионлаб Ўзбекистон фарзандларининг келажаги ҳақида ҳам ўйлашим, қайғуришим керак” деган фикр айнан шу масъулиятнинг моҳиятини мужассам этган.
Менимча, ушбу мактубнинг энг муҳим ғояси давлат раҳбарининг ўз халқидан, унинг дарду ташвишларидан, орзу-интилишларидан ҳеч қачон ажралмаслиги, аксинча, бутун фаолиятини халқ манфаатларига хизмат қилишга бағишлаши зарурлигидир. Чунки ҳақиқий раҳбарлик, аввало, мансаб ёки ваколат билан эмас, балки зиммасидаги масъулиятни қай даражада чуқур ҳис этиши, халқининг тақдирига қанчалик дахлдор эканлиги билан белгиланади.
Президент мактубида ўзининг болалик хотираларига мурожаат қилиши ҳам бежиз эмас. Мен шу халқ фарзанди ва педагог сифатида ушбу мактубдаги энг теран ва таъсирчан жиҳатлардан бирини айнан таълим ва инсон қадри билан боғлиқ ҳолда кўраман. Бир пайтлар умрининг, таълим даврининг ярми пахта далаларида ўтган ўқувчи ёки талабанинг бугун яна мактаб партаси, университет аудиториясига қайтиши шунчаки бир ижтимоий ўзгариш эмас, балки инсон тақдирига муносабатнинг тубдан ўзгарганини англатадиган тарихий ҳодисадир. Чунки пахта даласида болалик йилларини меҳнат билан ўтказишга мажбур бўлган авлод билан бугун илм масканларида билим олаётган, замонавий касбларни эгаллашга интилаётган ёш авлоднинг ҳаёт йўли ўртасида бутун бир даврнинг тафовути мужассам.
Энг муҳими, бу ўзгариш фақат ўқувчининг тақдирида эмас, устознинг ҳаётида ҳам намоён бўлади: у энди далада эмас, синфхонада, аудиторияда туриб, ўз билим ва тажрибасини ёш авлодга бағишлайди, истеъдодларни кашф этади, келажак бунёдкорларини тарбиялайди. Менимча, Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг асл мезонини ҳам айнан шу манзарада кўриш мумкин: кечаги машаққатли меҳнат ўрнини бугун илм эгаллаётгани, мажбурият ўрнини имконият, эҳтиёж ўрнини интилиш, даладаги меҳнат ўрнини аудиториядаги тафаккур банд этаётгани инсон қадри амалда улуғланаётганининг муҳим ифодасидир. Зеро, бир боланинг қўлидан кетмонни олиб, унга китоб тутқазиш фақат унинг бугунини эмас, бутун бир миллатнинг эртанги кунини ўзгартириш демакдир. Бугун ўша болаларнинг айримлари олим, профессор, муҳандис, шифокор, давлат ва жамият арбобларига айланган бўлса, бу ҳаётий ҳақиқатнинг ўзиёқ таълимга берилган эътибор қандай улкан ижтимоий самара келтиришини кўрсатади. Шу боис, Президент мактубидаги болаларни пахта далаларидан мактабга қайтариш ҳақидаги хотиралар мен учун ўтмишни эслашдан кўра кўпроқ маънога эга: бу инсон болалиги, унинг илм олиш ҳуқуқи, орзу қилиш эркинлиги ва келажагини ўзи қуриш имконияти давлат сиёсатининг марказига қўйилганини англатадиган ҳаётий хулосадир. Чунки юртнинг энг катта бойлиги мактаб ва университет аудиторияларида вояга етаётган билимли, тафаккурли, Ватан тақдирига дахлдор авлоддир.
Мактубнинг яна бир эътиборли жиҳати, унда Ўзбекистоннинг ҳар бир фарзандига бирдек қаратилган меҳр ва ишонч туйғусидир. Президент ўз набирасига мурожаат қилаётган бўлса-да, унинг фикрлари миллионлаб ўзбек болалари, барча миллат ва элат вакилларининг фарзандлари учун ҳам бирдек аҳамиятга эга. Айниқса, “Менинг ўз фикрларим юртимиздаги ҳар бир бобо ва ота, ҳар бир буви ва онанинг ўз азиз дилбандларига атаган юрак сўзларидир” деган жумлалар мактубнинг умумхалқ миқёсидаги мазмунини янада теранлаштиради.
Бу ўринда давлат раҳбарининг халқ олдидаги масъулияти фақат ёш авлод билан чекланмаслигини ҳам англаш лозим. Зеро, ҳар бир боланинг ортида оила, ота-она, унинг бахтли келажагини орзу қилаётган яқинлари бор. Ҳар бир оиланинг тинчлиги, фаровонлиги, ижтимоий ҳимояси, ҳар бир фуқаронинг муносиб ҳаёт кечириши эса мамлакат тараққиётининг энг муҳим кўрсаткичидир. Давлатнинг қудрати ҳам, аввало, унда яшаётган инсонларнинг ҳаёт сифати, эртанги кунга ишончи ва ўз юртидан розилигида намоён бўлади.
Президентнинг хорижий сафарларга чиқиши, халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириши, янги шериклик муносабатларини йўлга қўйиши ҳам айнан шу мақсадларга хизмат қилади. Бундай ташрифларнинг мазмун-моҳияти шундаки, мамлакатимизнинг халқаро нуфузи ва иқтисодий имкониятларини мустаҳкамлаш орқали юртимизда янги иш ўринлари яратиш, инвестицияларни жалб этиш, замонавий технологияларни олиб кириш, таълим ва илм-фан ривожига янги имкониятлар очиш кўзда тутилади. Демак, узоқ сафарлар ортида ҳам халқимизнинг бугуни ва келажаги, унинг тинчлиги ва фаровонлиги ҳақидаги эзгу ниятлар мужассам.
Мактубдаги халқнинг тинчлиги учун давлат раҳбарининг бедорлиги ҳақидаги фикрлар ҳам алоҳида эътиборга молик. “Халқим тунда осуда ухлаши учун ҳам мен ҳар доим бедор бўлмоғим керак, ахир!” деган жумла давлат бошқарувининг ортида қандай масъулият, изланиш ва фидойилик ётишини образли тарзда ифодалайди. Бу раҳбарликни шунчаки лавозим эмас, балки халқ олдидаги улкан маънавий бурч сифатида англашдир.
Олий таълим соҳаси вакили сифатида мактубдаги илм-маърифат, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, замонавий технологиялар ва сунъий интеллектдан оқилона фойдаланиш ҳақидаги мулоҳазаларни ҳам алоҳида қайд этишни истардим. Бугунги глобаллашув ва рақамли тараққиёт даврида мамлакатнинг эртанги куни, энг аввало, билимли, мустақил фикрлайдиган, замонавий касб ва кўникмаларни эгаллаган ёшлар қўлида. Шу боис таълим тизимининг барча бўғинларида ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларга замонавий билим бериш, илмий изланишларга кенг йўл очиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Айниқса, Президентнинг ёшларни буюк аждодларимиз – Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Маҳмудхўжа Беҳбудий каби улуғ зотларнинг муносиб ворислари бўлишга даъват этиши катта тарбиявий аҳамиятга эга. Бу даъват фақат тарихий мерос билан фахрланишга эмас, балки ана шу меросга муносиб бўлиш, илм-фан ва тафаккур орқали Ватан тараққиётига ҳисса қўшишга ундайди.
Мактубдаги вақт қадри, меҳнатсеварлик, сабр-тоқат, интизом, инсонийлик ва ватанпарварлик ҳақидаги насиҳатлар эса ёш авлод тарбиясининг муҳим мезонларини белгилаб беради. Айниқса, замонавий гаджетлар ва сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш, бироқ уларга қарам бўлиб қолмаслик ҳақидаги фикрлар бугунги авлод учун ниҳоятда долзарб. Чунки технологиялар инсоннинг билимини бойитиши, тафаккурини кенгайтириши ва имкониятларини ошириши керак, унинг мустақил фикрлаши ва изланишларига тўсиқ бўлмаслиги лозим.
Мактубнинг якуний қисмида Ватанга муҳаббат, давлат рамзларига ҳурмат, миллий ғурур ва фуқаролик масъулияти масалаларига алоҳида урғу берилгани ҳам бежиз эмас. Зеро, мамлакат равнақи фақат давлат раҳбари ёки ҳукуматнинг саъй-ҳаракатлари билан эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ўз ишига масъулият билан ёндашиши, жамият ҳаётига дахлдорлик ҳисси ва Ватан олдидаги бурчини англаб яшаши билан таъминланади.
Менинг назаримда, ушбу мактубни ўқиб, бир муҳим хулосага келиш мумкин: халқпарварлик – бу шунчаки чиройли шиор ёки сиёсий тушунча эмас. У ҳар бир инсоннинг ҳаётига бефарқ бўлмаслик, оилалар ташвишини ҳис этиш, болаларнинг келажаги учун қайғуриш, ёшларнинг орзу ва мақсадларига имконият яратиш, кексаларнинг дуосини олиш, жамиятдаги ҳар бир қатлам манфаатларини эътиборда тутиш демакдир.
Давлат раҳбарининг халқ билан ҳамнафас бўлиши, унинг дарду ташвишларини ўз дардидек қабул қилиши, ҳар бир фуқаронинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун интилиши – жамиятда ишонч ва бирдамликни мустаҳкамлайдиган энг муҳим омиллардандир. Чунки халқнинг розилиги, одамларнинг эртанги кунга ишончи, фарзандларининг келажагига умид билан қараши ҳар қандай ислоҳотнинг энг олий натижасидир.
Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёевнинг набирасига йўллаган мактуби шунчаки оилавий мактуб эмас. У давлат раҳбарининг халқ олдидаги бурчи, Ватан тақдири учун масъулияти, инсон қадри ва келажак авлод манфаатларини улуғлашга қаратилган ҳаётий қарашларининг самимий ифодасидир. Унда бир бобонинг набирасига айтган меҳрли сўзлари орқали бутун бир миллатга қаратилган эзгу тилаклар, ота-оналарга мурожаат, ёшларга насиҳат ва жамиятга муҳим маънавий сабоқ мужассам.
Мен бу мактубни ўқиб, яна бир бор амин бўлдимки, Ватанга хизмат қилиш бу, энг аввало, унинг ҳар бир фуқароси тақдири учун қайғуриш, халқнинг бугунги ҳаёти ва эртанги истиқболини ўйлашдир. Зеро, давлатнинг энг катта бойлиги халқи, энг улуғ мақсади эса шу халқнинг тинчлиги, фаровонлиги ва бахтли келажагидир.
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг набирасига мактуби оддий воқелик эмас. Давлат раҳбари ҳар бир, у каттами, кичикми фуқарога, унинг ҳаёти, бахти, келажаги учун шахсий масъулият ўз зиммасида эканлигини яна бир бор дунёга намойиш этди.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари