Самир Велиев: «Илмий-маърифий соҳадаги ҳамкорлик Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларининг амалий мазмунига айланиши керак»
Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш икки томонлама, жумладан, илмий-маърифий ва инновацион соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун кенг истиқболларни очади. Бу жараёнда янги ёндашувларни ишлаб чиқиш, қўшма ташаббусларни илгари суриш ва икки давлат тараққиёти учун мустаҳкам асос яратишга хизмат қиладиган парламентлараро алоқалар муҳим ўрин тутади, деб таъкидлайди Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати Самир Велиев.
— Озарбайжон ва Ўзбекистон — дўст ва қардош мамлакатлардир. Бой тарихий мерос ва маънавий яқинликка асосланган муносабатларимиз бугунги кунда янада жадал суръат касб этмоқда, — дея қайд этади депутат.
Унинг сўзларига кўра, ҳар икки мамлакат нафақат икки томонлама форматда, балки турли халқаро майдонларда ҳам фаол шериклик қилмоқда. Шу билан бирга, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайли ўзаро ҳамкорлик давлатларимизнинг турли идора ва тузилмалари ўртасида ҳам изчил йўлга қўйилган. 2024 йил 23 августда Тошкентда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ҳамда 2025 йил 2 июлда Бокуда қабул қилинган 2025–2029 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси” мазкур алоқаларнинг ҳуқуқий асосини ташкил этади.
Шу нуқтаи назардан, парламентлараро мулоқот алоҳида ўрин тутади. Самир Велиевнинг қайд этишича, Бокуда бўлиб ўтган Иккинчи Озарбайжон — Ўзбекистон парламентлараро форуми бу борада муҳим воқеа бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон Миллий Мажлиси 2026 йил 3 ноябрда Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги абадий дўстлик тўғрисидаги шартномани ратификация қилди. Ушбу ҳужжат билан иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришда муҳим босқич бошланди.
— Давлатлараро муносабатлар динамикаси парламентларимиз олдига янги вазифаларни қўймоқда, — дейди Самир Велиев. — Шу сабабдан Иккинчи Озарбайжон — Ўзбекистон парламентлараро форуми кун тартибига фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масаласи киритилгани таҳсинга лойиқ. Бу борада шартномавий асос яратилгани эътиборга молик. 2025 йил 2 июлда Бокуда имзоланган Илм-фан, касбий ва олий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги парламентлараро битим шулар жумласидандир. Зеро, фан ва таълим давлат сиёсатининг устувор йўналишлари бўлибгина қолмай, мамлакатлар тараққиёти, иқтисодий рақобатбардошлиги, технологик жиҳатдан барқарорлиги ва интеллектуал салоҳияти учун мустаҳкам пойдевор ҳамдир.
Глобал ўзгаришлар жадаллашаётган, рақамли тараққиёт ва сунъий интеллект ривожланаётган шароитда илмий-маърифий ҳамкорликнинг замонавий ва самарали тизимини шакллантириш долзарб вазифага айланмоқда. Ҳар икки мамлакат ҳам бу борада стратегик ҳужжатларни қабул қилган: Озарбайжонда мамлакат етакчисининг 2025 йил 19 мартдаги фармонига асосан Озарбайжон Республикасининг 2025–2028 йилларга мўлжалланган сунъий интеллект стратегияси, Ўзбекистонда эса давлат раҳбарининг 2024 йил 14 октябрдаги қарорига кўра Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси тасдиқланган.
Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, мазкур соҳада ҳали тўлиқ ишга солинмаган имкониятлар мавжуд. Халқаро билим алмашинувини кенгайтириш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, академик мобилликни ривожлантириш ва инновацион таълим ечимларини жорий этиш бўйича катта истиқболлар бор. Айнан шу йўналишда парламент зиммасига алоҳида масъулият юкланади.
Депутатнинг фикрича, парламентлар фан ва таълимни равнақ топтириш учун зарур қонунчилик шароитларини яратишда муҳим ўрин тутади. Ҳуқуқий базани янада мустаҳкамлаш, жумладан, Озарбайжон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги ва “Илм-фан тўғрисида”ги қонунларини, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги ҳамда “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонунларини такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни молиялаштириш механизмларини шакллантириш, илмий муассасаларни қўллаб-қувватлаш, таълим жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, давлат дастурлари ижроси устидан парламент назоратини таъминлаш шулар жумласидан.
Шу нуқтаи назардан, Самир Велиев бир нечта истиқболли йўналишларни санаб ўтди.
Биринчидан, парламентлар ўртасида илмий тадқиқотлар ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, таълим тизимини модернизация қилиш масалалари юзасидан қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашинувини фаоллаштириш зарур.
Иккинчидан, инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш керак. Ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, тадқиқотчилар учун қулай шароитлар яратиш ва академик мобилликни кенгайтириш масалалари кун тартибининг муҳим таркибий қисми бўлмоғи лозим.
Учинчидан, университетлар, илмий-тадқиқот марказлари ва таълим муассасалари ўртасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш зарур. Бу борада икки мамлакат олий таълим муассасалари ректорларининг форумлари самарали майдон ҳисобланади. Биргаликда олиб борилган тадқиқотлар ва илмий ютуқлар алмашинуви давлатларимиз тараққиётига қўшимча туртки беради.
Тўртинчидан, фан ва таълимнинг рақамли трансформациясига, жумладан, замонавий таълим платформалари ва инновацион технологияларни жорий этиш, сунъий интеллектдан фойдаланиш, мазкур соҳани ҳуқуқий тартибга солиш ва ахлоқий меъёрларга оид ёндашувларни ўзаро мувофиқлаштириш масалаларига эътибор қаратиш лозим.
— Ҳамкорлигимиз декларациялар билан чекланмай, амалий натижаларга таяниши керак, деб ҳисоблайман. Шу боис парламентлараро “йўл харитаси” доирасида фан ва таълим масалалари бўйича парламентлараро ҳамкорликнинг доимий фаолият юритувчи платформасини ташкил этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қиламан. Бундай платформа қонунчилик ташаббуслари, илғор тажриба ва амалий ишланмалар бўйича тизимли алмашинувга кўмаклашиши мумкин. Шу билан бирга, қўшма парламент тавсияларини ишлаб чиқиш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш ҳамда мазкур вазифалар ижроси натижаларини муҳокама қилиш ҳам мақсадга мувофиқдир.
Бундай ёндашув парламентларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлабгина қолмай, мамлакатларимизнинг илмий, маърифий ва инновацион салоҳиятини рўёбга чиқаришда қўшимча имкониятлар яратишига ишонаман. Шуни алоҳида қайд этишни истардимки, фан ва таълимга сармоя киритиш — энг аввало давлатларимиз келажагига сармоя киритиш демакдир. Бўлажак авлодларнинг фаровонлиги бугун бизнинг интеллектуал салоҳият ва илмий ташаббуслардан самарали фойдаланишимизга, сифатли таълим учун яратиб бераётган шарт-шароитларимизга боғлиқ.
Озарбайжон ва Ўзбекистон парламентлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мавжуд салоҳиятни тўлиқ ишга солиш ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг барқарор ривожланишига салмоқли ҳисса қўшиш имконини беришига ишончим комил, — деди сўзининг якунида Самир Велиев.
Азиза Алимова, ЎзА