Сенат: суд ишларини ҳал этишга аралашганлик жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур масала юзасидан маъруза қилган Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси Зумрад Бекатова мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади Бироқ, таҳлилларга кўра, судлар фаолиятига ташқаридан аралашиш ҳолатлари ҳамон кузатилмоқда.

Янги конституциявий нормаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонун билан иккита кодексга ўзгартиришлар киритилмоқда.
Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартишлар билан суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун жиноий жавобгарлик чоралари аниқлаштирилмоқда.
Суд биносида тартибни бузиш ва судга ҳурматсизлик қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.

Қонун аввалроқ Сенат томонидан қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган айрим масалалар мавжудлиги сабабли Қонунчилик палатасига қайтарилган эди. Келишув комиссияси доирасида ушбу эътирозлар кўриб чиқилиб, қонун такомилига етказилди. Қонунда фақат энг долзарб масала – суд мустақиллигини таъминловчи моддалар қолдирилди.

Сенаторлар маъқуллаган қонун судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш ва одил судлов сифатини оширишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА