Сенат: суд-ҳуқуқ соҳаси янада такомиллаштирилади
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида жиноят процессида адвокат ҳуқуқларини кенгайтириш, прекурсорлар муомаласини ҳуқуқий тартибга солиш ҳамда ҳуқуқий ахборотни аҳолига проактив етказишга қаратилган қонунлар муҳокама қилинди.
Олий суд томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Жиноят-процессуал кодекси ҳамда “Адвокатура тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилаётгани қайд этилди.
Бунда тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципини таъминлаш, одил судловни амалга оширишда адвокатнинг ролини оширишга эътибор қаратилган.
Жумладан, суриштирув ёки дастлабки тергов тамом бўлганидан кейин ҳимоячига беш сутка муддат ичида ҳимоя фикрини тақдим этиш ҳуқуқи берилмоқда.
Жиноят-процессуал кодексига ҳимоя фикрини тақдим этиш тартибини белгилайдиган янги норма киритилмоқда. Қонун билан айблов xулосаси ёки айблов далолатномаси тасдиқланиб, жиноят иши прокурор томонидан судга юборилаётганда ҳимоя фикри ҳам тегишли судга илова қилиниши белгиланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши суд ишларини юритишда ҳимоя тарафининг ҳуқуқларини кенгайтиришга ҳамда мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги, хусусан, Ҳуқуқ устуворлиги индексининг Жиноий одил судлов индикаторидаги ўрнини яхшилашга хизмат қилиши сенаторлар томонидан алоҳида қайд этилди.
“Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига прекурсорларнинг муомаласига оид қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик белгилашга қаратилган қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.

Мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга прекурсорларнинг муомаласига оид қоидаларни бузганлик учун маъмурий жавобгарликни белгиловчи янги норма киритилмоқда. Шунингдек, мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран содир этилганда Жиноят кодексида жиноий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилмоқда.
Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ушбу тоифадаги ишларнинг тегишлилиги ва уларни кўриб чиқиш ваколатларини аниқ белгилашга қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг амалга оширилиши прекурсорларнинг ноқонуний муомаласининг олдини олиш, синтетик гиёҳвандлик воситалари ишлаб чиқарилишига қарши курашиш самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда мамлакатда наркотик воситалар ва уларнинг прекурсорларининг қонунга хилоф айланмасига қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

“Ҳуқуқий ахборотни проактив шаклда етказиш тизими жорий этилиши муносабати билан “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишда “проактив қонунчилик” ҳамда “ақлли тарғибот” тамойиллари асосида ахборотни манзилли ва мақсадли етказиш тизими ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда.
Вазирлик ва идоралар ўз фаолият соҳасига оид ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини ижрочилар ва аҳолига тушунтириш учун бевосита масъул этиб белгиланмоқда.
Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнлари “Ijro.gov.uz” ва “Рақамли маҳалла” платформалари орқали босқичма-босқич етказилиши назарда тутилмоқда.
Рақамли платформалар, мобиль иловалар ва сунъий интеллект асосидаги интерактив тизимлар орқали аҳолига ҳуқуқий ахборот ва маслаҳатлар етказиш ҳуқуқий тарғиботнинг янги усуллари сифатида белгиланмоқда.
Бундан ташқари, Lex.uz базасида ҳужжатлар матни билан танишиш, улардан электрон нусхалар олиш, шунингдек, қидирув хизматларидан ҳамда тизимга жойлаштирилган қонунчилик ҳужжатларига доир расмий тушунтириш ва расмий шарҳлардан фойдаланиш бепул бўлиши белгиланмоқда.
Муҳокамаларда сенаторлар ушбу қонун мамлакатимизда ҳуқуқий ахборот сиёсатини янги босқичга кўтариш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишда инновацион ҳамда манзилли ёндашувларни жорий этиш орқали аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга ва ўз ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини тўғри англашига хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Н.Абдураимова, ЎзА