Сенат ялпи мажлисида Марказий банкнинг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Қайд этилишича, тизимда инфляцияни жиловлаш ҳамда банк тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлашга қаратилган, ўзаро мувофиқлашган пул-кредит ва макропруденциал сиёсат олиб борилган.
Тижорат банкларидаги миллий валютадаги депозитлар қолдиғи 2022 йилга нисбатан 1,3 баробарга ошиб, қарийб 170 триллион сўмни ташкил этган.
Жисмоний шахсларнинг депозитлари қолдиғи 1,4 баробарга ўсиб, 64 триллион сўмга, юридик шахсларнинг депозитлари қолдиғи 1,2 баробардан кўпроқ ошиб, қарийб 106 триллион сўмга етди.
2023 йилнинг I чорагидан бошлаб инфляция даражасининг пасайиш тенденциясига ўтганлиги сабабли 2023 йил март ойидан асосий ставка 15 фоиздан 14 фоизга пасайтирилди.
Пул-кредит соҳасидаги ушбу чора-тадбирлар инфляция даражасини юқори суръатларда ўсишини жиловлаш имконини бериб, 2023 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 8,8 фоиз атрофида шаклланди.
Банклар томонидан активлар бўйича 13,1 триллион сўмлик қўшимча захиралар яратилган ҳамда муаммоли кредитларни захиралар билан қопланиш даражаси ошиб, 2024 йил 1 январь ҳолатига 85 фоизга етказилди.
Банк карталари фойдаланувчилари учун “Humo” ва “Uzcard” банкоматлар тармоғи ўзаро интеграция қилиниб, мазкур банкоматлардан муқобил фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратилди.
Сенаторлар Марказий банк томонидан амалга оширилиши лозим бўлган қатор вазифаларга эътибор қаратиб, фуқароларнинг банк карталаридан турли фирибгарлик йўллари билан маблағларни ўзлаштириш ҳолатларига барҳам берилмагани, “Humo” ва “Uzcard” тўлов терминаллари тизимини интеграция қилиш ишлари якунланмагани, муаммоли кредитларнинг умумий кредит портфелидаги улуши деярли ўтган йилги даражада сақланиб қолаётганлигини қайд этди.
Марказий банкнинг 2024 йилги фаолиятида базавий инфляция даражасини пасайтириш чораларини кўриш, нархлар барқарорлигини таъминлаш, тўлов тизимлари барқарор ишлашини таъминлаш ва хизматлар кўламини кенгайтириб бориш ҳамда пул маблағлари фирибгарлик йўли билан ечилишининг олдини олишга қаратилган киберхавфсизлик чораларини кучайтириш борасидаги ишларни амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Н.Абдураимова, ЎзА