Банкларда киберхавфсизликни таъминлаш зарур
Сенат ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2025 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи эшитилди.
Мазкур масала юзасидан маъруза қилган Марказий банк раиси Темур Ишметов 2025 йилдаги фаолиятда асосий эътиборни банк тизимининг молиявий барқарорлик кўрсаткичларини мақбуллаштиришга қаратганини таъкидлади.

Юзага келиши мумкин бўлган хатарларнинг салбий таъсирларини юмшатиш, банк хизматлари ва ҳисоб-китоб операцияларига кибертаҳдидлар ва фирибгарликларнинг олдини олиш эътибор марказида.
Аҳолининг жамғариш фаоллигини рағбатлантириш ҳамда ўрта муддатли истиқболда инфляциянинг белгиланган таргет кўрсаткичига етишини таъминлаш мақсадлари ҳам назарда тутилган.

Пул-кредит сиёсатида операциялар механизмини такомиллаштириш, унинг трансмиссиявий каналини яхшилаш, банк тизими ликвидлигини самарали бошқариш ва пул бозорида фоиз ставкаларининг бозор механизмлари асосида шаклланишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Натижада йил якуни бўйича инфляция даражаси 2024 йилдаги 9,8 фоиздан 7,3 фоизгача, базавий инфляция эса мос равишда 7,3 фоиздан 5,7 фоизгача пасайган. Бу эса иқтисодиётда инфляция жараёнлари барқарорлашаётганини кўрсатган.

Йил якунига кўра ялпи халқаро захиралар ҳажми 1,6 баравар кўпайиб, 66,3 миллиард долларни ташкил этган. Халқаро захираларни бошқаришда Марказий банкнинг қимматли қоғозлар портфели қиймати 1,5 миллиард долларга етган. Йил давомида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 330 триллион сўмлик кредит маблағлари ажратилган. Муаммоли кредитлар улуши кредит портфелида 3 фоизгача пасайган.
Муаммоли кредитларни захиралар билан қопланиш даражаси 87 фоиздан 94 фоизгача ошди. Бу эса юзага келиши мумкин бўлган йўқотишлар учун етарли маблағ мавжудлигини кўрсатади.
Эътиборли жиҳат, ушбу жараёнда банкларнинг молиявий барқарорлик кўрсаткичларига ҳам, портфел сифатига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, капитал етарлилиги кўрсаткичи 18,3 фоиз, ликвидлиликни қоплаш меъёри 208 фоиз, соф барқарор молиялаштириш меъёри 120 фоиз даражасида шаклланган.
Тўлов тизимларининг барқарорлиги ва инфратузилмасини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилиши нақд пулсиз тўловларни кенгайтириш ва тўлов тизимларига таҳдид солаётган киберҳужумлар ва фирибгарлик ҳолатларининг олдини олишга кўмаклашади.
Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан тўлов хизматлари борасида тижорат банклари, тўлов ташкилотлари ва тўлов тизими операторлари фаолиятини назорат қилиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда банк ва тўлов тизимларида киберхавфсизликни таъминлаш, молиявий хизматлар соҳасида фирибгарликка қарши курашиш бўйича таклифлар билдирилди.
Муҳокамадан сўнг Сенатнинг ушбу таклифларни инобатга олган тегишли қарори қабул қилинди.
Норгул Абдураимова, ЎзА