Сайёҳлар оқими янада кўпаяди
Кўҳна Бухоро она диёримизнинг энг кўп сайёҳ ва меҳмон ташриф буюрадиган ҳудудларидан бири саналади. Шуни инобатга олган ҳолда келадиган сайёҳларнинг эҳтиёжини талаб даражасида қондириш, уларнинг Бухорода кўпроқ вақт ўтказишини таъминлаш жуда муҳим. Бу борада 2022 йилда вилоят Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, инфратузилма объектлари сонини кўпайтириш, замонавий хизматлар кўламини кенгайтириш, хорижий мутахассисларни жалб қилиб, амалий ўқув курслари ташкил этиш орқали кадрлар салоҳиятини юксалтириш каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

– 2022 йил бошида вилоят ҳокими ташаббуси билан дунёнинг туризм ривожланган мамлакатларида тарғиботлар олиб борилди, – дейди вилоят Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи Сухроб Бобокалонов. – Жумладан, вилоят делегациясининг Франция, АҚШ, Индонезия, Малайзия, Россия, Жанубий Кореяга уюштирилган сафарлари давомида Бухоронинг Туризм имкониятини намойиш этишди. Бу ўз навбатида, 2023 йилдаги ишлар самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади. 2022 йилда катта-кичик 50 дан ортиқ меҳмонхоналар фаолият бошлади. Бу борада Бухоро республикада етакчи ўринларда туради яъни, меҳмонларни Бухорога жалб қилиш ва ушлаб туриш бўйича. Вилоятимизда мавжуд меҳмонхоналар 13 минг нафардан ортиқ сайёҳни қабул қилиш имконига эга. Шунингдек, туризм қишлоқлари, туризм маҳаллалари, овқатланиш масканлари, чўлдаги сафари туризми буларнинг барчаси вилоятимизга валюта оқимининг ҳам кўпайишини таъминлайди. Шу билан бирга туризм ва унга ёндош соҳаларга қарийб 30 мингга яқин иш ўрни яратилди.
Йил бошидан ҳисоб-китобларга қарайдиган бўлсак, Бухорога уч миллиондан ортиқ сайёҳлар ташриф буюрди. Бунда маҳаллий сайёҳлар сони кўп, албатта. Туристлар оқимининг кўпайишига эса турли оммавий ва туризм тадбирлари алоҳида ўрин тутди. “Халқаро заргарлик ва зардўзлик, каштадўзлик фестивали”, Форум ва семинарлар бунга мисол бўла олади. 2022 йилда 1 марта Давлат раҳбари ташаббуси билан ўтказилган “Халқаро заргарлик ва зардўзлик, каштадўзлик фестивали”нинг ўзи дунёнинг 50 га яқин давлатидан ҳунарманд, санъатшунос, тарихчи ва экспертлар иштирокини таъминлабгина қолмай, 3 кун давомида юқори мартабали меҳмонлар ҳамда республикамиз вилоятларидан келган халқ амалий санъати усталари, фольклор дасталари жамоаларини ҳам шариф шаҳар бағрига чорлади. Жаҳон ҳунармандчилик кенгаши томонидан Бухоро шаҳрига “Ҳунармандчилик шаҳри” мақоми берилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ушбу қарорда меҳмонхона, овқатланиш ва логистика хизматлари, кўнгилочар масканларни ташкил этиш, сайёҳларга хизмат кўрсатувчи савдо дўконлари сонини кўпайтириш алоҳида таъкидлаб ўтилган. Инфратузилма объектлари сонининг ошиб бориши ўз-ўзидан соф рақобатбардошликни келтириб чиқаради. Бу эса ўз навбатида хизматларнинг яхшиланишига, диверсификация қилинишига олиб келади. Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз бугунги кунда Бухоро вилоятида туризм соҳасида умумий лойиҳа қиймати 847.9 миллиард сўм бўлган 65 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

– Бундан ташқари, вилоятда туристик инфраструктурани ошириш бўйича ҳам муайян ишлар қилинди, – дейди Бухоро вилояти Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Сайидов. – Яъни, Ғиждувон туманида “Қўрғон”, Вобкентда “Ширин” туризм қишлоқлари ташкил этилди. Бухоро шаҳридаги “Арабон” туризм кўчаси, Ислом Каримов кўчасида гастрономик кўча ташкил этилмоқда. Бу шариф шаҳарга келган меҳмонларнинг Бухорода қолиш муддатларини янада узайтиришга хизмат қилади. Энг муҳими бу аҳолини иш билан таъминлаш ва уларнинг турмуш фаровонлигини оширишга ҳисса қўшади. Ҳозир биз Туризм ва маданий мерос вазирлиги билан янги лойиҳа устида ишлаяпмиз. Вилоятда 10 мингга яқин туризм соҳаси вакиллари фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг малакасини ошириш, сифатли хизмат кўрсатишларини таъминлаш бўйича баҳорги мавсумгача ўқув режаларини ишлаб чиқяпмиз.
Таъкидлаш жоиз, хизматлар соҳасини ривожлантиришда кадрлар муҳим аҳамият касб этади. Туризм соҳасида асосан тил биладиган, мулоқот маданиятига эга бўлган, этика-эстетикадан хабардор бўлган кадрлар талаб қилинади. Бухоро туризм ва маданий мерос техникумида айни талаблар билан ўрта бўғин кадрлари тайёрланмоқда. Улар техникумни тугатганларидан кейин суҳбат асосида Бухоро давлат университети туризм йўналишида 2-курсдан ўқишга қабул қилинади. Бу ўз навбатида вилоятда фаолият бошлаган ва ишга тушиши режалаштирилаётган 3, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналарда сайёҳлар учун малакали хизмат кўрсатадиган кадрларнинг етишиб чиқиши учун муҳим омил ҳисобланади.
Мамлакатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури ишлаб чиқилди. Айни дастур асосида “Кексалар учун туризм ойлиги” ва “Ёшлар учун туризм ойлиги” ташкил этилди. “Халқаро зиёрат туризми ҳафталигини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб 1–3 ноябрь кунлари “Халқаро Зиёрат туризми ҳафталиги” ўтказилди. Мақсад мамлакатимизда зиёрат туризми салоҳиятини юзага чиқариш, Ўзбекистонни жаҳон цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатида танитиш, жаҳон ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар томонидан юксак эътирофга сазовор бўлиш, шунингдек, зиёрат туризми хизматларини диверсификация қилиш ва туризм экспортини оширишдан иборат бўлди.
–Бухоро вилоятида 2022 йилда жуда кўп ижобий ўзгаришлар бўлди. Айнан сайёҳлар оқимига эътибор қаратадиган бўлсак, пандемия даврида дунё давлатларининг ҳам ички, ҳам ташқи туризми маълум маънода ривожланишдан тўхтади дейиш мумкин, – дейди Бухоро вилояти Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бўлим бошлиғи Бобир Тўқсанов. – Жумладан, бизнинг вилоятимизда ҳам пандемиядан кейин эса, Бухорога жуда катта сайёҳлар оқими келяпти. Биргина “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида 2 миллион 700 мингдан ортиқ маҳаллий сайёҳ ташриф буюрди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилаётган чегирма ва имтиёзли турпакетлар асосида ёшлар қатламидан ташқари, кексалар ва ногиронлиги бор инсонлар саёҳати тизимли ташкил этилди. Биламизки, ноябрь ойи республикамизда “Кексалар учун туризм ойлиги” ёки “Ёшлар учун туризм ойлиги” бўлиб ўтади. Мазкур дастурлар доирасида кўплаб саёҳатлар ташкил этилди. Меҳмонларни жойлаштириш воситалари 480 тага яқинлашди. Бир кунда ҳам маҳаллий, ҳам хорижий саёҳатлар учун 12 мингдан ортиқ хоналар тайёр ҳолатга келтирилди. Бундан ташқари, ички туризм йўналишида ҳар бир ҳудудда ўзаро сайёҳлик алмашинуви ҳам йўлга қўйилди. Вилоятда фаолият кўрсатаётган 120 дан ортиқ туроператорларимиз томонидан ҳам ташқи, ҳам ички туризм йўналишида тизимли саёҳатлар пакетларининг ташкил этилиши ҳисобига сайёҳлар оқими кундан-кунга ортиб бормоқда.
Бугунги кунда туризм салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида дунёнинг бир қанча туризм соҳаси ривожланган давлатлари яъни Исроил, Германия, Франция, Буюк Британия, АҚШ, Туркия, Индонезия, Малайзия, Покистон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон давлатлари билан ҳамкорликда соҳа тараққиёти йўлида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатлар ўртасида икки томонлама шартномалар имзоланяпти.
– Мамлакатимиз ва Бухоронинг туризм имкониятларини хорижда ҳам кенг тарғиб қилиш мақсадида вилоят делегацияси Малайзия ва Индонезия давлатларига икки ҳафта мобайнида хизмат сафарида бўлиб қайтишди, – дейди Бухоро вилояти Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Сайидов. –Унда 20 дан ортиқ икки томонлама шартномалар имзоланган. Бу шубҳасиз, 2023 йил соҳа ривожи учун пойдевор вазифасини ҳам ўтайди. Мана яқинда Тошкент-Куала Лумпур йўналишидаги қатновлар бошланди. Бу пандемиядан кейин йўлга қўйилган авиақатновлардан бири бўлиб ҳисобланади. Шунингдек, Эрон Ислом Республикасидан Тошкентга рейслар қўйиляпти ва эндиликда бу авиақатновларни Бухородан ҳам амалга ошириш бўйича режаларимиз бор. Айни вақтда Малайзия ва Индонезиядаги туристик компаниялар билан онлайн тарғиботларни олиб боряпмиз.
Юқоридаги фикрларни давом эттирган ҳолда айтиш мумкинки, айни йўналишда сайёҳлар учун шариф кентнинг кириш дарвозаси “Бухоро” халқаро аэропорти учун жуда кўп янгиликлар ва инновацион ўзгаришлар бўлди. Бир йилда амалга оширилган авиақатновлар сони 3874 тани ташкил этиб, 477.599 йўловчига хизмат кўрсатилди.
– 2023 йилдан ҳам катта режаларимиз бор, – дейди Бухоро вилояти Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бўлим бошлиғи Бобир Тўқсанов. –Хусусан, 50 та инвестиция лойиҳаларининг ишга туширилиши ҳисобига янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган. Зиёрат туризми йўналишида Етти пирларимизни Туризм кластерига айлантирган ҳолатда келган ҳар бир сайёҳни битта зиёратгоҳга бир кун олиб қолиш бўйича ҳам туристик дастурлар тайёрланди.
Бухоро вилоятида туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалардан кўзланган асосий мақсад Бухорога сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришдир. Бу эса янги иш ўринлари яратилишига ҳамда вилоятнинг иқтисодий салоҳияти юксалишига хизмат қилади.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА