Бугун – 2024 йил 27 октябрь куни Ўзбекистонда муҳим сиёсий тадбир – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатларининг сайлови соат 08.00 да бошланди ва 20.00 да якунига етди.
Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Конституция маҳалласида жойлашган 576-сайлов участкаси сайлов жараёни жуда қизғин кечди.
Сайлов участкаси раиси Жалолиддин Холтоевнинг қайд этишича, участкага “Конституция” номли маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси қамраб олинган. Маҳалла аҳли овоз беришда фаол иштирок этди.
2 минг 412 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлса, шундан 41 нафари биринчи маротаба овоз берди, 10 нафар сайловчи эса муддатидан олдин овоз берган.
Овоз бериш жараёнини сиёсий партиялар вакиллари, жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда халқаро кузатувчилар бевосита кузатиб борди.
Хусусан, мазкур участкага 70 нафардан ортиқ халқаро кузатувчи ташриф буюрди. Кузатувчилардан ҳеч қандай эътирозлар келиб тушмаган.
[gallery-20064]
Сиёсий партиялар вакилларидан бўлган кузатувчиларга ҳам зарур шароитлар таъминланди.
Участкада 20.00 да овоз бериш якунланиб, сайлов участкаси комиссияси аъзолари йиғилган овозларни санашга киришди. Кузатувчилар бу жараённи ҳам кузатиб бормоқда.
Норгул Абдураимова,
Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА