Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 13-Қашқадарё округ сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда ҳудудда сайлов участкаларини тузиш масаласи муҳокама этилди.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 10-моддага кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилади.
Сайловчиларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида сайлов участкалари туманларнинг, шаҳарларнинг, шаҳарлардаги туманларнинг чегаралари инобатга олинган ҳолда тузилади. Шунга кўра, мажлисга вилоятдаги туман ва шаҳар ҳокимликларининг масъуллари таклиф этилди ва улар ўз ҳудудларида тузилиши кўзда тутилаётган сайлов участкалари тақдимотини ўтказдилар.
Комиссия аъзолари сайлов участкаларининг жойлашуви сайловчилар учун қулайлиги, ободонлаштирилгани, жиҳозланишига, сайловчилар сонига алоҳида эътибор қаратди. Маҳаллий ҳокимият органлари мутасаддиларига сайлов участкаси жойлашган бино ва овоз бериш хоналарини жиҳозлаш бўйича қоидалар яна бир бор батафсил тушунтирилди.
Мажлисда туман ва шаҳарлар ҳокимликлари тақдимномаси асосида округ бўйича 1001 та сайлов участкаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Сайлов участкалари сайловни очиқ, ошкора, демократик тамойиллар асосида ўтказишда энг муҳим бўғин экани алоҳида эътироф этилди. Тартиб рақами, жойлашган ери ва овоз бериш биноси, телефон рақамлари, сайловчилар сони кўрсатилган ҳолда маҳаллий матбуотда эълон қилиниши таъкидланди.
Ўлмас Баротов, ЎзА