Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда сайлов комиссияларига кўмаклашувчи маҳаллий давлат ҳокимияти органлари масъул ходимлари иштирокида ўтказилган амалий семинарда мана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур амалий семинарда шаҳар ва туман ҳокимларининг жамоатчилик билан ишлаш бўйича маслаҳатчилари, ҳокимликларнинг ташкилий-назорат гуруҳи раҳбарлари иштирок этди.
Семинар Қарши шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида ташкил этилган 44-сайлов участкасини кўздан кечириш билан бошланди. Қатнашчиларга мазкур сайлов участкаси мисолида муҳим сиёсий жараённи юксак савияда ўтказиш учун сайлов участкасини қандай жиҳозлаш ва нималарга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги тушунтирилди.
Таъкидландики, қонун ҳужжатларига кўра давлат органлари сайлов комиссияларига ўз ваколатларини амалга оширишида кўмаклашиши, уларнинг иши учун зарур шароитларни яратиши шарт. Буни таъминлаш ташкилий-назорат гуруҳи раҳбарларидан, сайлов участкасини мазмунан бойитиш эса жамоатчилик билан ишлаш бўйича маслаҳатчилардан катта масъулият талаб этади.
Амалий семинар иштирокчилари 44-сайлов участкасида яратилган шароитлар билан танишди Участка сайлов комиссияси аъзолари учун ажратилган хоналар, тиббиёт хонаси, яширин овоз бериш кабиналари, стационар сайлов қутиси, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга тааллуқли маълумотлар жойлаштириладиган стендлар кўздан кечирилди. Семинар инфортамика ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган 44-таянч мактабида ташкил қилинган 78-сайлов участкасида давом этди. Қатнашчилар Қарши шаҳридаги бошқа сайлов участкаларини ҳам бори кўрди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юқори савияда ўтказиш учун сайлов комиссиялари ўз ваколатларини амалга оширишида яқиндан кўмакчи бўлишга, уларнинг иши учун барча зарур шароитларни яратиб беришга, сайлов участкалари тоза-озода бўлишини таъминлашга келишиб олинди.
Ўлмас Баротов, ЎзА