Сайлов натижалари қандай бўлди?

Халқаро матбуот марказида сайлов натижаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Халқаро матбуот марказида сайлов натижаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов 2019 йил 22 декабрь куни Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий кенгашларга сайловлар демократик талаблар асосида бўлиб ўтганини қайд этди.
Сайловга икки йил мобайнида тайёргарлик кўрилгани, қонунчилик халқаро талаблар асосида такомиллаштирилгани, сайловда очиқликни таъминлаш учун барча шароитлар яратилгани тадбирнинг юқори савияда ташкил этилишида муҳим роль ўйнади.
Энг муҳими, фуқароларнинг жамиятда кечаётган ўзгаришларга дахлдорлик туйғуси ошгани, фаол фуқаролик позицияси шакллангани бутун сайлов жараёнларида яққол сезилиб турди.
Сайловчиларга овоз бериш учун барча шароитлар таъминланди. Хориждаги юртдошларимизга максимал қулайликлар яратилди. Илгари консуллик рўйхатида турганларгина овоз берган бўлса, бу сафар барчага овоз бериш имкони берилди. Қирққа яқин мамлакатда ташкил этилган эллик бешта сайлов участкасида 112 минг 411 сайловчи овоз берди.
Куни кеча сайловда 71,1 фоиз сайловчи иштирок этганини маълум қилган эдик. Овозларни санашдан кейинги аниқ ҳисоб-китобларга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловларида 13 миллион 963 минг 627 нафар сайловчи иштирок этган. Бу сайловчилар умумий сонининг 67,8 фоизидир.
Сайлов давом этаётган пайтда турли масалларда аҳолидан мурожаатлар тушиб турди. Хусусан, МСК веб-сайтига келиб тушган 300 тадан ортиқ мурожаатлар қисқа муддатларда кўриб чиқилди ва ҳал этилди. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда қолдирилган мурожаатларнинг 150 таси ҳам ижобий ҳал этилди. Ушбу мурожаатлар бўйича сайловчини бошқа сайлов участкасидан олиб ўз участкасига бириктириш каби ишлар амалга оширилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 150 сайлов округининг 128 тасида депутатлар сайланди.
Шу жумладан, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан – 43 нафар, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан – 35 нафар, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан – 21 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан – 18 нафар, Ўзбекистон Экологик партиясидан – 11 нафар депутат сайланди.
Сайлов кодексига кўра, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини, яъни 50 фоиздан ортиқ овоз олган номзод депутат этиб сайланган, деб ҳисобланади.
Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 22 округларда номзодларнинг биронтаси ҳам етарли миқдорда овоз ололмаганлиги сабабли мазкур округлардан депутат сайланмади. Мазкур округларда такрорий овоз бериш жараёни ташкил этилади.
Эътиборлиси, Ўзбекистонда ўтган сайлов жараёнларини халқаро кузатувчилар, жаҳон жамоатчилиги шаффоф тарзда, демократик талаблар асосида ўтганини эътироф этмоқда.