Соҳибқирон ҳақида янги китоблар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги қарори ижросини таъминлаш ва Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини нишонлаш юзасидан юртимизда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Шу кунларда Темурийлар тарихи давлат музейи катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Комилжон Султонов томонидан тайёрланган янги асарлар нашрдан чиқди.
“Миллий ўзликни англашда Амир Темур феномени ва унинг тарихий таҳлили” монографияси чоп этилган. Ушбу монографияда Соҳибқирон Амир Темур феномени, унинг маънавияти, хусусан ахлоқий фазилатларига оид масалалар янада тўлдирилиб, илк бор Соҳибқироннинг маънавий-маърифий қарашларида диний эътиқод ва бағрикенглик масаласи ҳам кенг таҳлил этилган.

“Амир Темур Иккинчи Шарқ Ренессанси бунёдкори” (Ўқув қўлланма) "Олтин мерос пресс" нашриётида Аҳмаджон Бекназаров ҳаммуаллифлигида нашрдан чиқди.
Мазкур ўқув қўлланмада Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёт йўлларидаги ибратли ишлари, донишмандлиги ва бунёдкорлиги акс этган ривоят ва ҳикоялар жамланиб, янги маълумот ва изоҳлар (тафсир, шарҳ) асосида тўлдирилди.
Монография ва ўқув қўлланма олий ҳарбий ва таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда кенг китобхонлар учун мўлжалланган.
Н.Усмонова,
ЎзА