Саудия хусийлар ракетасини уриб туширди
Саудия Арабистони ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Ямандаги “Ансоруллоҳ” (хусийлар) ҳаракати томонидан Тойиф шаҳри томон учирилган баллистик ракетани тутиб олди ва йўқ қилди.
Бу ҳақда Араб коалицияси вакили генерал-майор Турки Ал-Маликий ижтимоий тармоқда маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ушбу ҳужум аҳоли яшайдиган манзилларга қаратилган эди.
Ямандаги фуқаролар уруши 2014 йил сентябрь ойида хусийлар пойтахт Сано ва яна бир неча ҳудудни эгаллаб олгандан кейин бошланган. Саудия бошчилигидаги Араб коалицияси эса 2015 йил мартдан бери Яманнинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган қонуний ҳукуматига ҳарбий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Тўқнашув асносида хусийлар Саудия ҳудудига баллистик ракета ва дрон орқали мунтазам зарба беришга уринмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА