Сардоба туманида Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги муносабати билан арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркаси ташкил этилди. Энг асосийси, бу каби арзонлаштирилган савдо ярмаркалари вилоятнинг барча ҳудудларида ҳам ташкил этилиб, аҳоли дастурхонини тўкин қилиш, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ва байрамни кўтаринки руҳда кутиб олишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Ярмаркада маҳаллий хўжаликларда етиштирилган сархил мевалар, полиз маҳсулотлари, нон, гўшт, сут ва тухум каби кундалик истеъмол товарлари аҳолига таклиф этилди. Шу билан бирга, йирик импортёрлар иштирокида ўсимлик ёғи ва шакар ҳам арзон нархларда сотилди.

Тадбирда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Абдулҳай Ходжаев савдо жараёни билан танишиб, бозорларда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, рақамлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди.

– Байрамлар арафасида ташкил этилаётган бундай ярмаркалар халқимиз учун катта қулайлик яратади, – дейди меҳнат фахрийси Суюн Намозов. – Бу ерда маҳсулотлар навли, сифатли ва ҳамёнбоп. Айниқса, ёғи, шакар, гўшт ва сут каби ҳар куни зарур товарларни арзон нархда олиш имконияти ҳар бир оила дастурхонини янада тўкин этади.

Мазкур ярмарка Президент қарорида белгиланган вазифалар ижросига ҳамоҳанг равишда ташкил этилган бўлиб, юртимизда “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этишга, аҳоли кайфиятини кўтаринки этишга хизмат қилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири