Арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди
Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Андижон шаҳрининг қатор ҳудудларида арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди.
Президентимизнинг жорий йил 6 мартдаги “2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Андижон вилоятининг туман, шаҳар ва маҳаллаларда “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари, ярмаркалар ва бошқа турли тадбирлар ўтказилмоқда.
Андижон шаҳарининг Марказий ҳамда Деҳқон бозори, шунингдек, 14 та маҳалла гузарида иш бошлаган арзонлаштирилган савдо ярмаркалари расталаридан “Андижон бозорлар уюшмаси”, “Андижонгўштсутсавдо”, “Андижонбалиқ” масъулияти чекланган жамиятлари, вилоятдаги агрофирмалар, паррандачилик корхоналари ва савдо ташкилотларининг маҳсулотлари, шунингдек, фермер хўжаликлари ҳамда деҳқонлар томонидан етиштирилган, ишлаб чиқарилган 35 турдаги мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олган.
[gallery-28242]
Ҳамюртларимизнинг байрам дастурхонлари тўкин бўлишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу савдо ярмаркалари шаҳар аҳолиси учун катта қулайлик яратмоқда. Қолаверса, савдога қўйилган маҳсулотлар нархи бозордагига нисбатан арзон. Бундан ташқари, намунали хизмат кўрсатилиши, пластик карталар орқали ҳам савдоларнинг йўлга қўйилганлиги кўпчиликка манзур бўлмоқда.
Ана шундай ярмаркалардан бири Шаҳрихон тумани агрофирмаси томонидан Андижон шаҳридаги “Иқбол” маҳалла фуқаролар йиғини гузарида ташкил этилди.
– Маҳалламиз ҳудудида асосан, кўп қаватли уйлар жойлашган. Ярмаркадаги маҳсулотлар бозорга нисбатан арзон нархда сотилаётганлигидан, айниқса, биз фахрийлар хурсандмиз. Бир килограмм мол гўшти 90 минг сўм, тухумнинг донасини 900 сўм, товуқ гўштининг килоси 28 минг сўм, гуруч турига қараб 7 – 12 минг сўм, шакар 12 минг сўм, картошка 5 минг сўм, сабзи 2 минг сўм, пахта ёғининг литри 18 минг, ўсимлик ёғи 20 минг сўмдан сотилаётганлиги андижонликларга байрам туҳфаси бўлмоқда, – дейди мазкур маҳаллада яшовчи, меҳнат фахрийси Марина Шербакова.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.