Санъатимизда ўчмас из қолдирган устоз
Муҳиддин Қориёқубов таваллудининг 130 йиллиги нишонланди.
“Туркистон” санъат саройида ўзбек санъати тарихида алоҳида ўрин тутган буюк санъаткор, Ўзбекистон давлат филармонияси асосчиси, Ўзбекистон халқ артисти Муҳиддин Қориёқубов таваллудининг 130 йиллигига бағишланган тантанали юбилей кечаси бўлиб ўтди.
Кечага маданият ва санъат соҳаси вакиллари, таниқли санъаткорлар, фахрийлар, устоз санъаткорнинг авлодлари, журналистлар ҳамда санъат ихлосмандлари йиғилди.

Бу оддий юбилей тадбири эмас, балки ўзбек мусиқа санъати тараққиётига катта ҳисса қўшган инсонни хотирлаш, унинг ижодий меросини яна бир бор ёдга олиш ва бугунги авлодга етказишга оид самимий эҳтиром кечаси бўлди.
Муҳиддин Қориёқубов ўзбек санъати тарихида наинки бетакрор овози ва ижро маҳорати, балки ташаббускорлиги, изланувчанлиги ва миллий санъат равнақи йўлидаги меҳнати билан ҳам чуқур из қолдирган.

Унинг фаолияти опера ва мусиқали театр санъатининг шаклланиши, профессионал ижрочилик мактабининг ривожланиши билан чамбарчас боғлиқ. Ўз даврида “Шарқнинг биринчи баритони” дея эътироф этилган санъаткор ўзбек саҳна санъатининг янги босқичга кўтарилишига муносиб ҳисса қўшди.
Айниқса, Ўзбекистон давлат филармониясининг ташкил этилишидаги ташаббуси унинг миллий маданиятимиз олдидаги хизматларини янада яққол кўрсатади. Бугун орадан йиллар ўтиб, филармония саҳнасида янги авлод санъаткорлари ижод қилаётгани, турли ижодий жамоалар ўз дастурларини тақдим этаётгани устоз бошлаб берган анъаналарнинг давом этаётганидан далолат.

Юбилей кечасида ҳам бу меросга алоҳида эътибор қаратилди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик Катта театри ҳамда Муқимий номидаги давлат мусиқали театри артистлари томонидан Муҳиддин Қориёқубов ижроси билан боғлиқ бўлган илк ўзбек опералари ва мусиқали саҳна асарларидан парчалар намойиш этилди.
Саҳнада янграган куй ва қўшиқлар орқали томошабинлар нафақат ўтмиш санъати билан яна бир бор юзлашдилар, балки Муҳиддин Қориёқубов ижодининг бугунги авлод учун ҳам қанчалик қадрли эканини ҳис этдилар.
Кечанинг мусиқий қисмида Давлат академик халқ чолғулари оркестри ҳамроҳлигида Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Зокиров, Ўзбекистон Қаҳрамони Муножат Йўлчиева, Мансур Тошматов, Замира Суюнова, Женисбек Пиязов, шунингдек, хонандалар Рустам Алимардонов, Севара Тўланова, Дилфуза Қобилова иштирок этиб, устоз санъаткор репертуаридаги қўшиқларни ижро этдилар.

Турли авлод вакилларининг бир саҳнада жам бўлиши кечанинг ўзига хос жиҳатларидан бири бўлди. Бир томонда миллий санъатимизнинг катта саҳнасида ўз ўрнига эга бўлган устозлар, иккинчи томонда бугунги авлод вакиллари миллий санъатимизнинг нечоғли бой ва бетакрорлигини намойиш этдилар. Уларни бирлаштирган жиҳат эса Муҳиддин Қориёқубов қолдирган ижодий мерос эди.
Дастурдан Хор жамоаси ва Давлат хор капелласининг ижролари, “Шодлик” рақс ансамбли ҳамда “Баҳор” давлат рақс ансамблларининг чиқишлари ҳам ўрин олди. Миллий мусиқа ва рақслар уйғунлигида кечган ушбу чиқишларни томошабинлар илиқ кутиб олдилар.
Юбилей кечасининг яна бир рамзий жиҳати — у Ўзбекистон давлат филармониясининг 90-концертлар мавсуми очилиши билан уйғун келди.


Муҳиддин Қориёқубов асос солган даргоҳнинг бугун ҳам фаолият юритаётгани, унинг саҳнасида санъаткорларнинг янги авлоди ижод қилаётгани – устознинг энг катта мероси, аввало, давомийлик эканини кўрсатади.
Орадан 130 йил ўтиб, унинг номи яна катта саҳнада янгради. Қўшиқлари яна куйланди, ижоди яна эсга олинди. Энг муҳими, бу мерос янги авлодга етказилди. Зеро, санъаткорнинг ҳақиқий умри унинг яшаган йиллари билан эмас, одамлар қалбида қолдирган изи билан ўлчанади.
Муҳиддин Қориёқубовнинг ижодий мероси эса ҳали узоқ йиллар давомида миллий санъатимиз саҳнасида яшайди.
Назокат Усмонова, ЎзА