Самарқандда жаҳон саммити бошланди
Самарқандда “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт сари йўл” мавзусидаги Жаҳон саммити очилиш маросими бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саммит қатнашчиларига табригини Президент матбуот котиби Ш.Асадов ўқиб эшиттирди.
Шунингдек, тадбирда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 81-сессияси раиси Халилур Раҳмон сўзга чиқиб, жаҳон саммитини ўтказиш ташаббусини билдиргани ва анжуманни юқори савияда ташкил этгани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг саммит қатнашчиларига мурожаатини БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Сабине Махл ўқиб берди.
Саммитда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними, “Замин” халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева сўзга чиқиб, саммит ишига муваффақият тилади.

Икки кун давом этадиган саммит доирасида болалар онкологияси бўйича II халқаро конгреcc ҳам ўтказилади.
Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича Махсус вакили, ЮНИСEФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Жаҳон банки ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирларда халқаро ташкилотлар ва 100 дан ортиқ давлат вакиллари, хорижий ва маҳаллий экспертлар, мутахассислар ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари